Бу йилги пахта ҳосилини тўлиқ қайта ишлаш натижасида 2024 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 9,6 миллиард долларга, экспортни эса 4,5 миллиард долларга етказиш ҳисоб-китоб қилинди.
Бунинг учун газлама-мато, бўяш ва тикувчилик бўйича янги қўллаб-қувватлаш механизмлари яратиб берилади:
- бўялган матони 50 фоиздан кам бўлмаган қисмини ички бозорга сотган корхоналар ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада тўлайди, уларга мол-мулк солиғини 3 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади;
- 2025 йил 1 январга қадар пахта ва сунъий толани импорт қилишда транспорт харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади;
- тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари учун зарур технологик ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмларини импорт қилишда улар божхона божидан озод қилинади.
Юқоричирчиқда газлама ишлаб чиқариш ва бўёқхоналар ташкил қилиш, Қорақалпоғистонда сунъий тола, газлама-мато ишлаб чиқариш ва бўёқхона ташкил этиш бўйича лойиҳалар бошланган. Ушбу корхоналар келгуси йил ишга туширилиб, тадбиркорларга саноат ипотекаси асосида берилади.
Ҳудудлар раҳбарларига шундай йирик лойиҳаларни амалга ошириш ҳисоб-китоб қилишга кўрсатма берилди.
Йиғилишда ҳосилдорлиги паст 16 минг гектар боғ ва 10 минг гектар токзорларда йилига ўртача 100 миллион доллар даромад бой берилаётгани таъкидланди. Лекин, ҳеч бир туман ҳокими бу борада айтарли иш қилмаётгани танқид қилинди.
Хусусий инвестицияларни жалб қилиб, яроқсиз боғ ва токзорлар ўрнида янги интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш муҳимлиги таъкидланди.
Келгуси йилдан бошлаб боғ ва токзорларга ҳосилдорлиги ва тушумига қараб табақалашган ер солиғи ставкалари жорий қилинади.
Давлат корхоналари балансидаги носоҳавий боғ ва токзорларни тадбиркорларга таклиф қилиш топширилди.
Томорқаларда эртаки ва такрорий экинлар майдонини 1 миллион 61 минг гектарга етказиб, 500 минг аҳолини банд қилиши зарур.
Томорқа эгаларига зарур мини техника учун божхона имтиёзларини 2027 йилгача узайтириш белгиланди.
09.11.2023 18:57
Мини техника учун божхона имтиёзлари 2027 йилгача узайтириладиган бўлди






