Йиғилишда паррандачиликда озуқа масаласи маҳсулот таннархини пасайтириш имконини бермаётгани таъкидланди.
Нарх барқарорлигини таъминлаш мақсадида йил якунига қадар чорва ва парранда гўшти ишлаб чиқаришга бюджетдан 230 миллиард сўм субсидия ажратилади, дон маҳсулотларини сақлаш учун 8 та йирик омборхона ташкил этилади.
Паррандачиликни кенгроқ кредитлаш муҳимлиги қайд этилди.
Мамлакатимизда биринчи тартибли парранда наслининг ота-оналик линияси йўқлиги боис, йилига 3 миллион бош жўжа импорт қилинмоқда. Шу муносабат билан биринчи тартибли ота-оналик соф линиясини олиб келиш чораларини кўриш топширилди.
Келгуси йилда 1 миллион тонна балиқ етиштириш зарурлиги таъкидланди.
Мутасаддиларга Cловения тажрибаси асосида 50 та замонавий кичик ҳовузларни ишга тушириш, 35 минг гектар сунъий ҳавзаларга аэратор ўрнатиб, ҳосилдорликни 3-4 баробар ошириш, хонбалиқ, лосось, осётр каби совуқ сув балиқларини етиштирувчи хўжаликларни 35 тага етказиш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда сут ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш масаласи кўриб чиқилди. Сариёғ экспортига чекловни бекор қилиш, сут етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқиш бўйича Ҳукуматга топшириқ берилди.
Йирик чакана савдо тармоқларида сотилаётган қуруқ ва табиий сутдан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни алоҳида белгилаш амалиётини жорий этиш, кўчма гўшт-сут шохобчаларини ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.
Йирик савдо тармоқларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тенг шароит яратилмагани, улардан маҳсулот пулини олишдаги муаммолар, аҳолида маҳсулот сифати ва нарх-навоси бўйича шикоятлар кўплиги Рақобат қўмитаси фаолиятидаги жиддий камчиликлардан далолат экани таъкидланди.
Шу муносабат билан қўмита раиси Ш.Шорахметовнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш топширилди.
09.11.2023 19:12
Рақобат қўмитасининг фаолиятидаги камчиликлар айтилди






