Банк тизимида муаммоли кредитлар (НПЛ) улуши 2023 йил 1 октябрь ҳолатига 3,7 фоизни (16,8 трлн сўм) ташкил этмоқда. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1% бандга пасайган.
Бунда, корпоратив кредитларнинг НПЛ қисми мос равишда 0,5% бандга пасайиб, 4,2% ни, чакана кредитларда эса 2% бандга пасайиб, 2,6% ни ташкил этган. Ҳисобот санасига НПЛнинг 60 фоизини миллий валютадаги ва 40 фоизини хорижий валютадаги кредитлар ташкил этса, мижозлар қирқимида 22 фоизи жисмоний шахслар ва 78 фоизи корпоратив мижозлар ҳиссасига тўғри келади.
Жисмоний шахсларга ажратилган кредитларда НПЛ улуши 2,6% ни ташкил этиб, бунда истеъмол кредитлари бўйича
8,5% ни (75 млрд сўм), ипотека кредитларида 1,5% ни (804 млрд сўм), микроқарзларда 1,6% ни (336 млрд сўм) ва автокредитларда 0,7% ни (273 млрд сўм) ташкил этган.
Кредит қўйилмаларида НПЛ улуши тармоқлар қирқимида уй-жой коммунал хизмат кўрсатишда 9,2%, савдо ва умумий хизмат соҳасида 7,7%, қурилиш соҳасида 7,6%, қишлоқ хўжалигида 5,7% ва саноат соҳасида 3,6% даражасида шаклланган.
Шунингдек, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан тармоқлар кесимида НПЛ улуши уй-жой коммунал хизматлар соҳасида 3,3% бандга ошган бўлса, қурилиш соҳасида 2,4% бандга, савдо ва умумий овқатланиш соҳасида 0,9% бандга ҳамда қишлоқ хўжалигида 0,6% бандга пасайган. Тижорат банклари кредит портфелидаги НПЛнинг улуши бўйича гуруҳланганда 24 та банкда 3% гача (банк тизими жами активларида улуши 40%), 4 та банкда 3,1% дан 5% гача оралиқда (банк тизими жами активларидаги улуши 43%) ва 7 та банкда 5,1% дан юқори бўлиб, уларнинг жами активлардаги улуши 17% ни ташкил этган.
Шунингдек, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан тизим бўйича НПЛнинг камайиши натижасида НПЛ улуши 3,1% дан юқори бўлган банкларда НПЛ 3% дан паст гуруҳга кўчиши кузатилган. Бунда, кредит портфелидаги НПЛ улуши 3,1 дан 5% гача бўлган банклар сони 8 тага, 5,1% дан юқори бўлганлари сони эса 3 тага камайган.
Кредит хатарларининг банклар молиявий барқарорлигига бўлган салбий таъсирини юмшатиш мақсадларида банклар томонидан шакллантирилган жами захиралар қолдиғи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26% га ошган.
Банкларда муаммоли кредитларнинг захиралар билан қопланиш даражаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26% бандга ошиб, 2023 йил 1 октябр ҳолатига 110,2% даражасида шаклланган. Соф НПЛ1нинг капиталга нисбати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3% бандга камайиб, 9,9% ни ташкил этган.
09.11.2023 22:04
Ўзбекистон банк тизимида муаммоли кредитлар қанча суммани ташкил этаётгани маълум қилинди






