1

 Ўзбекистон Элчиси Нодир Ғаниев Швеция Қиролига ишонч ёрлиқлари топширди

СИЁСАТ 10.11.2023, 10:56
 Ўзбекистон Элчиси Нодир Ғаниев Швеция Қиролига ишонч ёрлиқлари топширди

Кеча, 9 ноябрь куни Стокгольм шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Нодир Ғаниевнинг Швеция Қиролига ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросими бўлиб ўтди.

Расмий тадбир доирасида элчининг Швеция  Қироли билан суҳбати бўлиб ўтди. Унда сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди.

Мулоқот якунида Швеция Қироли элчини лавозимга тайинлангани билан табриклади ва унинг масъулиятли фаолияти Ўзбекистон-Швеция кўп томонлама муносабатларини янада ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Нодир Ғаниев 2022 йилдан буён Ўзбекистоннинг янги элчихонасини Муваққат ишлар вакили сифатида бошқариб келаётган эди. 2023 йил октябрь ойида эса у Фавқулодда ва Мухтор Элчи этиб тайинланди. Дипломат 52 ёшда. У Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг шарқшунослик факультетини тамомлаган. 1994 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритиб, марказий аппарат ва мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида турли лавозимларда ишлаган.

Швецияга жўнаб кетишидан олдин ТИВнинг Европа давлатлари ва Европа Иттифоқи институтлари билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган.

Ўзбекистонинг Стокгольмдаги дипломатик ваколатхонаси хорижий давлатлардаги 36-элчихонаси бўлди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1