Ижтимоий тармоқларда “Масжиди Калон” масжидига пластик ва алюминий ромлар ўрнатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси ҳолат ўрганиб чиқилди.
Маълум қилинишича, Бухоро шаҳридаги “Масжиди Калон” масжиди “Маданий мерос обектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 27-моддасига асосан Мусулмонлар идорасининг Бухоро вилояти вакиллигига масжид сифатида фойдаланиш учун топширилган. Мурожаатда кўрсатиб ўтилган пластик ва алюминий ромлар 2016 йилда намозхонларга қулайликлар яратиш мақсадида масжид маъмурияти томонидан ўрнатилганлиги аниқланди.
Ҳукумат томонидан тасдиқланган “Маданий мерос обектларини реставрация қилиш ва таъмирлаш-тиклаш бўйича 2023 йилги Манзилли дастур”га асосан “Масжиди Калон”ни ҳам реставрация қилиш, таъмирлаш-тиклаш ва ободонлаштириш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши ҳамда тегишли ташкилотлар томонидан маъқулланган.
Ҳозирда мазкур лойиҳа асосида масжидни реставрация қилишнинг 1-босқичи доирасида том қисмини таъмирлаш ҳамда конструктив жиҳатдан мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳага кўра, масжиддаги пластик ва алюминий ромларни бинонинг архитектурасига мос келадиган анъанавий ёғоч ромларга алмаштирилади. Мазкур ишлар таъмирлашнинг 2-босқичида амалга оширилиши белгиланган.
Шунингдек, мурожаатда айтиб ўтилган обектга кириш билетларининг пуллик эканлиги масаласи юзасидан ҳам маълумот берилди.
"Ҳақиқатан ҳам масжидга маҳаллий ва хорижий саёҳатчилар учун кириш пуллик бўлиб, намозхонлар ва зиёратчилар учун алоҳида кириш жойлари мавжуд бўлиб улардан йиғим ундирилмайди. Обектга кириш билетларини сотишдан тушган маблағлар обектни сақлаш ва жорий таъмирлаш ишларига сарфланади.
Бу каби ҳолатларга кенг жамоатчиликнинг бефарқ бўлмагани ҳамда маданий мерос обектларини асраб-авайлашда ўз хиссаларини қўшаётганликлари учун Агентлик миннадорчилик билдиради", дейилади агентлик муносабатида.






