АсосийJamiyat

"Биз гўдакларнинг ўлдирилишини қабул қилиб бўлмайдиган ноҳақлик деб биламиз" - Ўзбекистон бош вазири

'"Биз гўдакларнинг ўлдирилишини қабул қилиб бўлмайдиган ноҳақлик деб биламиз" - Ўзбекистон бош вазири'ning rasmi

11 ноябрь куни Саудия Арабистонида ўтган Араб-ислом саммитида Ғазодаги вазият муҳокама қилинди. Унда қатнашган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Яқин Шарқдаги вазият ҳақида қуйидагиларни билдирди.  

“Вайронагарчилик ва ҳалокат кўлами бўйича бу низо Яқин Шарқ можаросининг охирги 50 йиллик тарихида илк бор кузатилмоқда. Энг ачинарлиси, бу инқирознинг охири кўринмаяпти. Биз Фаластин диёридаги можарога жим қараб туролмаймиз, Ўзбекистон бу борада тегишли дипломатик чора-тадбирларни амалга оширмоқда.  

Ғазо секторида юз бераётган қонли тўқнашувлар натижасида йўқотишлар ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди. Биз гўдакларнинг ўлдирилишини қабул қилиб бўлмайдиган ноҳақлик деб биламиз. Қурбон бўлганларнинг яқинларига самимий таъзия изҳор қиламиз. Биз Фаластин халқи билан эканимизни яна бир бор билдирамиз”, деди Бош вазир.

А.Арипов Ўзбекистон – Фаластиннинг халқаро меъёрларга мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини қайд этди. 

"Зўравонлик янада авж олаверса, бу халқаро вазият кенг миқёсда издан чиқишига, қуролли тўқнашувларга янги кучлар тортилишига сабаб бўлиши муқаррар. Буларнинг барчаси Яқин Шарқ минтақалари билан чекланмайдиган, оқибатини башорат қилиб бўлмайдиган фожиаларга олиб келиши мумкин.

Энг хавфлиси, ушбу можаро ортидан асло йўл қўйиб бўлмайдиган – динлар, цивилизациялар ўртасидаги можаро келиб чиқиши мумкин. Айнан шунинг учун ҳам биз томонларни гуманитар масалаларда муросага келишга, жанговар ҳаракатларни тўхтатишга ва низони дипломатик йўл билан ҳал этишга чақирамиз. Ўзбекистон бу борадаги ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди", - дейди ҳукумат раҳбари.

    Бошқа янгиликлар