АсосийJamiyat

Халқаро ва маҳаллий олимлар қум ва чанг бўронларига қарши курашнинг инновацион усулларини муҳокама қилишди (видео)

'Халқаро ва маҳаллий олимлар қум ва чанг бўронларига қарши курашнинг инновацион усулларини муҳокама қилишди (видео)'ning rasmi

Аввал хабар берганимиздек, Самарқандда БМТнинг чўлланиш, ерларнинг деградацияси ва қурғоқчиликка қарши Конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси (CRIC-21) ўтказилмоқда. 

Бугун халқаро тадбир доирасида маҳаллий ва халқаро олимлар, мутахассислар иштирокида илмий анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирда асосий масала қурғоқчилик, ерларнинг деградацияси ва чўлланишга қарши курашда таълим, илм-фаннинг аҳамиятини ошириш, инновацион ёндашувларга қаратилди.



"Чет эллик мутахассисларга юртимизда қилинаётган ишлар ҳақида маълумот бердик. Уларга, Орол денгизи ҳудудида чўлланишга қарши олиб борилаётган ишлар, айниқса, жуда кўп миқдорда саксовул ўсимлиги экилаётганлиги маъқул келди.  Бугунги кунда чўлланишга қарши курашда сув ресурсларини сақлаб қолиш жуда муҳим ҳисобланади. Олимлар билан муҳокамаларда шу мавзуга ҳам эътибор қаратдик", - деди Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялар илмий-тадқиқот институти  директори Бахтиёр Пўлатов. 

Музокаралар давомида чанг ва қум бўронлари асосий эътибор қаратилиши керак бўлган масалалардан эканлиги таъкидланди.
Тадбир давомида Ўзбекистонда экология ва чўлланиш муаммолари бўйича тадқиқотлар олиб бораётган университетлар ва илмий муассаса вакиллари ўз фикр ва таклифларини билдиришди. Шунингдек, UNCCD ва UNDP каби халқаро ташкилот вакиллари чанг ва қум бўронларига қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик ва қўллаб-қувватлаш имкониятларини муҳокама қилдилар. Қолаверса, Орол денгизидаги чўлланишга қарши кураш чоралари ҳам кун тартибидан ўрин олди. 
Тадбир якунида чўлланиш, қурғоқчиликка қарши келажакда қилиниши керак бўлган ишлар белгилаб олинди.

    Бошқа янгиликлар