Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўз вақтида ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш бўйича фермер ва кластерларни огоҳлантирди.
Хабарга кўра, ҳозирги кунда фермер хўжаликлари томонидан териб олинган пахталар кластерларга юклаб жўнатилган.
Солиқ кодексининг 22-моддасида товарларни (хизматларни) реализация қилишда харидорга ҳисобварақ-фактураларни бериши солиқ тўловчиларинг мажбурияти эканлиги белгилаб қўйилган.
Солиқ кодексининг 223-моддасида яширилган (камайтириб кўрсатилган) солиқ базаси суммасининг йигирма фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши ва солиқларни ҳисоблаш (ҚҚС 12%, фойда солиғи 15%) амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) деб қуйидагилар эътироф қилинади:
- фермер хўжаликлари учун – ҳисобда реализация қилинмаган деб кўрсатилган товарларнинг омборда ёки реализация қилиш жойида мавжуд эмаслиги;
- кластерлар учун – расмийлаштирилмаган (кирим қилинмаган) товарларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва реализация қилиш.
“Юқоридагилардан келиб чиқиб Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ушбу ҳолатнинг олдини олиш бўйича ўз вақтида ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришингизни сўрайди”, дейилади хабарда.






