Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманидаги фермер хўжалиги 611,9 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Амударё туман бўлими томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.
Унда “С.Д.” фермер хўжалиги масъул шахслари хўжалик сув насосларини электр тармоқлари корхонасидан рўйхатдан ўтмаган электр ҳисоблагич орқали улаб, жами 611,9 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






