Энди вояга етмаган шахсларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларнинг болалар билан ишлаши қатъиян ман этилади. Бу ҳақда Танзила Норбоева ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
Норбоевага кўра, апрель ойида Сенатда тузилган ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган.
Ушбу ҳужжатга асосан, қонунчиликка вояга етмаганларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахсларнинг болаларга таълим, тарбия бериш, уларни соғломлаштириш, болалар спорти, ижодий ташкилотларда ишлашини тақиқловчи норма киритилган.
Куни кеча Ҳукуматнинг махсус қарори билан вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахслар реестрини юритиш тартиби тасдиқланган.
Эндиликда қасддан одам ўлдириш, вояга етмаган шахснинг номусига тегиш, вояга етмаган шахс тасвирланган порнографик маҳсулотни тарқатиш, вояга етмаган шахсни жалб этган ҳолда қўшмачилик қилиш, фоҳишахоналар ташкил этиш ёки сақлаш, терроризм, шунингдек бошқа турдаги жиноятлар учун илгари ҳукм қилинган шахслар мазкур реестрга киритилади. Реестр махсус ахборот тизими орқали шакллантирилади ва юритилади.
Энг муҳим ва эътиборли томони шундаки, реестрга киритилган шахсларни ишга қабул қилиш билан боғлиқ жараёнлар ушбу ахборот тизимидан олинган маълумотлар асосида назорат қилиб борилади, дейди Нарбаева.
18.11.2023 16:24
Энди вояга етмаган шахсларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларнинг болалар билан ишлаши қатъиян ман этилади - Танзила Норбоева






