АсосийJamiyat
1822

Боғдод тумани ҳокими ўринбосари обуна режасини бажармаган коллеж директорини калтаклагани айтилмоқда

'Боғдод тумани ҳокими ўринбосари обуна режасини бажармаган коллеж директорини калтаклагани айтилмоқда'ning rasmi

Фарғона вилояти Боғдод туманидаги педагогика коллежининг зиммасига бу йил газета ва журналлар учун қарийб 24 млн сўм обуна режаси қўйилган. Бу режани бажаролмаган коллеж директори туман ҳокимининг ўринбосари томонидан калтакланди, дея ёзмоқда "Kun.uz". 

Коллеж директори Шуҳрат Қосимовнинг айтишича, жанжал 14 ноябр куни Боғдод тумани ҳокимияти биносида юзага келган. Туман ҳокимининг ўринбосари бошчилигида эрталаб соат 8:00да обуна масаласида йиғилиш бўлиб ўтган.

Қосимовга кўра, шу вақтгача маҳаллий ҳокимликлар томонидан ижтимоий соҳа вакилларининг деярли ҳаммаси, айниқса мактаб, коллеж, лицей ходимлари доимий равишда мажбурий обунага жалб этиб келинган.

“Йилига 3 ой учун обуна пулини тўлардик, 5–5,5 млн сўм бўларди. Лекин бу сафаргиси жуда ошиб тушди, 24 млн сўмлик план беришди”,– дейди у.

“Ҳар бир газета, журналлар сонига бўлиб, шу суммани чиқаришимиз кераклиги айтилган. Бу бўйича ҳеч қандай расмий ҳужжат йўқ, ҳаммаси оғзаки равишда айтилган. Шу рўйхатни ҳаммамизга беришган, энди шу рўйхатни бўлишга ҳаракат қилиб ётибмиз. Йиғилишда шу масалалар кўтарилиб, охирги 3- ёки 4-навбатда менга келди. Соат 8:25лар эди, мендан нимага “план”ни бажармаётганимни сўрашди. Мен 5,5 млн сўмлик қилганимни, лекин 24 млн сўмликка улгурмаганимни айтдим. Ўқитувчиларга бу ишни қилдира олмаслигимни айтдим.

Кейин ҳоким ўринбосари: “Ўқитувчиларга нега қилдирмаяпсиз, улар ҳам биттадан тўлашса, уриниб қолишмайди, ҳаммаси “премия” олади, ман “премия”ларини ҳам текширтираман, биттадан қилишга мажбурсизлар”, деди. Мен ҳам бундай қилишга ҳаққим йўқлигини айтиб туриб олдим. Апрел ойида ўзимда пул бўлади, қолганини майли қилиб бераман деб тушунтиришга уриндим. Шунда костюмини ечди-да, олдимга келиб: “Сиз топшириқларни бажармаяпсиз”, деди. Нима қилиб топшириқларни бажармаяпман дейишимни биламан, ўнг томон юзим, жағимга мушт келиб тушди.

Йиқилиб, ҳушимдан кетдим. Кейин шу вақтда олдимга ходимлар келиб, котибанинг хонасига олиб тушиб қўйишган экан. Бошим айланиб, кўнглим айниб қолганди. 4-5 дақиқа тинч ўтиргач, ҳокимнинг олдига тушдим. Бўлган воқеани айтиб бердим, лекин бефарқ бўлишди”, – дейди Шуҳрат Қосимов.

Зарбадан сўнг ўша куни Қосимовнинг аҳволи оғирлашган, қон босими кўтарилиб, ўзини ёмон ҳис қилган. Тез ёрдам чақирилгач, унга гипертония ташхиси қўйилиб, дастлабки муолажалар қилинган. Шундан кейин шифохонага ётқизилган.

Айни вақтда коллеж директори шифохонада даволанмоқда. Шифокорларга кўра, директорнинг миясида чайқалиш ва ўнг жағ қисмида шикастланиш бўлган.

Мажлисда бевосита иштирок этган ва жанжалга гувоҳ бўлган ходимлар ҳоким ўринбосарининг коллеж директорини урганини тасдиқлашди. Аммо хавфсизлик нуқтайи назаридан номлари ошкор қилинишини исташмади.

Туман прокурори ўринбосари Мурод Юсуповга кўра, ҳозирда вазият бўйича терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар