АсосийJamiyat
21.11.2023 15:24
1694

Касалхонада эркак шифокорнинг рад жавоби туфайли унга темир стул улоқтирди (видео)

'Касалхонада эркак шифокорнинг рад жавоби туфайли унга темир стул улоқтирди (видео)'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда фуқаро касалхонада эркак шифокорнинг рад жавоби туфайли унга темир стул улоқтиргани акс этган видео тарқалди.



Бош прокуратура мазкур видеохабарда кўрсатилган шахс прокуратура органларида хизмат қилмаслигини маълум қилди.

Шахс олий таълим муассасаси талабаси эканлиги аниқланди.

"Олий таълим муассасаси манфаатларига зарар етказмаслик мақсадида бошқа маълумотлар ошкор қилинмайди" дейилган хабарда. 

 Ушбу воқеа Тошкент шаҳар 7-сон клиник шифохонасида содир бўлгани айтилмоқда. 

Тиббиёт муассасасида шифокор ва фуқароларнинг бир-бирлари билан жанжаллашаётган ҳолати акс этган видеотасвир юзасидан Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси батафсил маълумот берди.

"Дастлабки ҳолат бўйича бугунги кунда 7-сон шаҳар клиник шифохонасида аҳолига қулайлик яратиш ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, тиббиёт муассасаси қабулхонаси қошида замонавий диагностик ускуналар билан жиҳозланган “Emergency room” махсус хоналари ташкил қилиниб, уларда беморларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Бугунги кунда мазкур шифохонага бир суткада 300 нафарга яқин фуқаро тиббий ёрдам кўрсатиш, кўрикдан ўтиш ва тиббий маслаҳат олиш учун мурожаат этади.

Уларга малакали тиббиёт ходимлари томонидан ўрнатилган стандартларга мувофиқ тиббий кўрикдан ўтказиш, диагностика ишларини олиб бориш, амбулатор ва стационар тартибда тиббий ёрдам кўрсатиш, профессионал тиббий маслаҳат бериш, реабилитация қилиш ва даволашга қаратилган бошқа хизматлар кўрсатилмоқда.

Ушбу тиббий хизматларнинг барчаси бепул ва туну кун давомида ўрнатилган стандартлар ва сифат даражасига мос тарзда амалга оширилади. Шу боисдан ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар асоссиз.

Шунингдек, шифокор ва фуқароларнинг бир-бирлари билан жанжаллашаётгани акс этган видеотасвирдаги ҳолат ҳам мазкур шифохонада жорий йил 6 ноябрда содир бўлган.

Аниқланишича,шу куни соат чамаси 16:00 лар атрофида 2001 йилда туғилган фуқаро С.А. қабулхонанинг юз-жағ жарроҳлиги хонасига ютинишдаги оғриқлар, чайнашнинг қийинлиги, иккала томон жағ ости соҳасидаги шиш ва тана ҳароратининг кўтарилиши шикоятлари билан мурожаат қилган. Бу пайтда шифокор Д. Муҳитдинова навбатчиликда бўлган.

Фуқаро шифокор томонидан кўрилганда бурун-ҳалқум ва бодомсимон безлар гиперемиялашиши катталашгани, гиперемия бутун оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватига тарқалгани, икки томонлама жағ ости ва бўйин лимфа тугунлари симметрик катталашгани ҳамда тана ҳарорати 37,5 даражадан юқори эканлиги аниқланган.

Шунга кўра, шифокор томонидан бемор вирус этиологияли ринофарингит ёки инфекцион мононуклеозга гумон қилиниб, вирусолог-мутахассис кўригига юборилган. Бундан эса у ва яқинлари норози бўлиб, шифокорга ўта қўпол муносабатда бўлган ва унга қарата стул отган" дейилади хабарда.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Унинг натижалари юзасидан батафсил маълумот берилади.
 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар