АсосийJamiyat

Президент айрим вазирликларга берилган ер ва бинолар кадастри қониқарсизлиги ҳақида гапирди

'Президент айрим вазирликларга берилган ер ва бинолар кадастри қониқарсизлиги ҳақида гапирди'ning rasmi

Сув ҳавзаларини, канал ва коллектор атрофидаги бўш ерларни аҳоли ва тадбиркорларга бериш бўйича қарор қабул қилинган.

Лекин, ер балансида сув фонди ерларининг бор-йўғи 0,3 фоизи экин ери сифатида кўрсатилган. Бу ҳақиқий аҳволдан йироқлиги, зеро сув хўжалигида ерларнинг аксариятида эгалик ҳужжати мавжуд эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Аслида, сув фонди ерларидан қўшимча иқтисодий самара олишнинг бирдан бир йўли – уларни тўлиқ кадастрдан ўтказиш. Бу иш ўрнига ҳам, озиқ-овқат учун ҳам қўшимча захира бўлади. 

Мутасаддиларга сув фонди ерларини тартибга солиш бўйича тегишли топшириқлар берилди. 

Ҳокимларга сув фонди кадастри қачон тўлиқ бўлади, деб кутиб ўтирмасдан, ҳужжати тайёр бўлган бўш ерларни аҳолига экспортбоп экин экиш учун бўлиб бериш топширилди.

Шунингдек, йиғилишда йўл хўжалигида ҳам шу аҳвол экани таъкидланди. Кўпгина ички йўллар ва унга туташ ерларнинг ҳужжати йўқлиги билан боғлиқ муаммолар кўрсатиб ўтилди. 

Келгуси йилда “Ташаббусли бюджет” ва “Менинг йўлим” лойиҳаларига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан таъмирланадиган ички йўлларни лойиҳалашда уларга кадастр ҳужжатини тайёрлашни ҳам назарда тутиш топширилди.

Айрим вазирликларга берилган ер ва бинолар кадастри ҳам қониқарсизлиги қайд этилди. Баъзи объектларнинг эгалик ҳужжати йўқлиги аниқланган. Ушбу ерларнинг ҳужжати йўқлиги сабабли талон-торож қилинган ҳолатлар мавжуд.

Вазирликларга ўзларига қарашли барча ер ва биноларни ҳужжатлаштиришни якунига етказиш, Бош прокуратурага ушбу ишларнинг қатъий назоратини йўлга қўйиш топширилди.

    Бошқа янгиликлар