Бош прокуратура ҳузуридаги депортамент матбуот хизмати хабар беришича, Бухоро ва Андижон вилоятларида аҳолига куз-қиш мавсумида имтиёзли нархрда берилиши керак бўлган кўмир талон-торож қилинган.
Департаментнинг Бухоро вилояти Пешку туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Кўмир таъминот» МЧЖнинг Вобкент кўмир омбори масъул шахслари куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда етказиб бериш учун ажратилган 455,7 тонна кўмирни имтиёзли нархда сотилганлиги тўғрисида сохта ҳужжатларни расмийлаштириб, амалда ушбу кўмирни бошқа шахсларга сотиб юбориб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Қўрғонтепа туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Кўмир таъминот» МЧЖнинг Қўрғонтепа кўмир омбори масъул шахслари куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда етказиб бериш учун ажратилган 2 155 тонна кўмирни имтиёзли нархда сотилганлиги тўғрисида сохта ҳужжатларни расмийлаштириб, амалда ушбу кўмирни бошқа шахсларга сотиб юбориб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






