1 январдан бошлаб микромолиялаштириш фаолияти билан шуғулланувчиларга бир қатор енгилликлар берилмоқда

ЖАМИЯТ 23.11.2023, 08:55
1 январдан бошлаб микромолиялаштириш фаолияти билан шуғулланувчиларга бир қатор енгилликлар берилмоқда

Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳри, Сирдарё ва Ховос туманларида кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш бўйича ўқув семинарлар бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсман ўринбосари Жамшид Урунов ҳамда вилоят мутасаддилари иштирок этган мазкур учрашувда кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида сўз борди.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 18 август куни давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини янада кенгайтиришга урғу берилганди.

Очиқ мулоқот доирасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, халқаро молия институтларидан тўғридан-тўғри маблағ жалб этиш имкониятини яратиш мақсадида жорий йилнинг 10 ноябридаги Президент Фармони билан “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси” “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” акциядорлик жамияти шаклида қайта ташкил қилиниши белгиланди.

Компания томонидан 2024 йил 1 мартдан бошлаб кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига улуш киритиш, хизматлар ипотекаси, миллий ва хорижий валютада молиявий ресурслар жойлаштириш, кафиллик ва компенсация тақдим қилиш каби қўллаб-қувватлаш чоралари такдим этилади.

Компания томонидан компенсация «1+2» тамойили асосида аввал кредит (лизинг)нинг дастлабки йилига тақдим этилади, кейинги икки йил давомида тадбиркорлик субъекти томонидан яратиладиган янги иш ўринлари сони режаси бажарилиши ва реализация қилинган маҳсулот (хизмат) бўйича тушум камида 15 фоизга ошган тақдирда давом эттирилади.

Бундан ташқари, 2023 йил 10 ноябрдаги Президент қарорига кўра, микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш, аҳолининг кенг қатламлари тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда микромолиявий хизматлардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш мақсадида микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш дастури амалга оширилиши белгиланди.

Қарор билан 2024 йил 1 январдан бошлаб микромолиялаштириш фаолияти билан шуғулланувчиларга бир қатор енгилликлар берилмоқда. Хусусан, 

-        микроқарзнинг энг юқори миқдори 50 млн сўмдан 100 млн сўмгача оширилиши;

-         нобанк кредит ташкилотлари АЖ ёки МЧЖ шаклидаташкил этилиши;

-         микромолия ташкилотларига норезидентлардан хорижий валютада қарз маблағларини жалб қилиш ҳамда юридик шахсларга хорижий валютада хизматлар кўрсатишга рухсат берилиши;

-         микромолия ташкилотлари тегишли лицензия олган ҳолда тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлиши ва бошқа бир қатор имкониятлар шулар жумласидандир.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1