Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда маҳалла раиси йиқилиб тушиб вафот этди. Бу ҳақда “Дарё”га шахси сир сақланишини илтимос қилган манба хабар берган.
Манбага кўра, ҳокимият масъулларининг 40 кундан бери давом этаётган мажлисбозлиги бир инсон ўлимига сабабчи бўлган.
Олмазор туманида 15 октябрдан бери ҳар куни йиғилиш ўтказиляпти. 40 кундан бери эрталаб 07:30 дан 08:30 га қадар, баъзан ундан ҳам кўпроқ давом этаётган йиғилиш ишчиларнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилмоқда, — дейди йиғилишда қатнашиб, раис ўлимига гувоҳ бўлган манба.
Маълум бўлишича, бугун, 24 ноябрь куни давом этган навбатдаги мажлис пайтида, соат тахминан 10:00 ларда “Янги Себзор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси йиқилиб тушиб, воқеа жойида вафот этган. Вафот этган раис Шавкат Муродбеков исмли фуқаро бўлган.
Бу мажлисбозлик қачон тугайди? Ҳар куни бир соатлаб кўчада совуқда туряпмиз, — дейди у.
Олмазор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Виталий Толибжонов воқеани тасдиқлаган, аммо қўшимча маълумот беролмаслигини айтган.
Darakchi.uz ҳолат бўйича маълумот олиш мақсадида Бош прокуратура матбуот хизмати билан боғланди.
Ҳаёт Шамсутдинов айни пайтда Олмазор тумани прокуратураси томонидан терговга кадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганлигини ва батафсил маълумот албатта тақдим этилишини маълум қилди.






