Аввал хабар берилганидек, 27 ноябрь куни тахминан соат 18.15да Тошкентдаги 99-сонли умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчиси вафот этди. Унинг ўлимига ток ургани сабаб бўлгани ҳақидаги хабарлар Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан рад этилди.
Бошқарманинг расмий баёнотидан ҳеч қанча вақт ўтмай Бош прокуратура боланинг ўлими электр жароҳати, электр токи ёйидан захарланиш, ўткир нафас юрак-қон томир етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши, чап қўл кафт соҳаси электр тамғаси натижасида юз берганлигини ҳақида хабар берди.
Маълум қилинишича, ўқувчининг ўлимидан сўнг Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги эса тизимдаги мавжуд таълим муассасалари ҳудудида жойлашган электр тақсимловчи пункт, трансформаторлар сони, балансда сақловчиси, уларнинг хавфсизлик талаблари ҳамда техник ҳолати бўйича ўрганиш ишларини олиб бормоқда.
Қайд этилишича, вазирлик ҳудудий бўлинмалари ва тегишли маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорликда электр тақсимловчи пунктларнинг барча зарур хатлов ишлари ташкил этилган.