Путин АҚШда президентлик сайловлари натижаларини билмагунча урушни тўхтатмайди - ОАВ

ДУНЁ 30.11.2023, 19:59
Путин АҚШда президентлик сайловлари натижаларини билмагунча урушни тўхтатмайди - ОАВ

Владимир Путин 2024 йил ноябрида бўлиб ўтадиган АҚШ президентлик сайлови натижаларини билмагунча, Украина билан тинчлик шартномаси тузмайди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг юқори мартабали расмийси ёпиқ матбуот анжуманида маълум қилган.

“Путин бизнинг сайловларимиз натижаларини кўрмасдан туриб тинчлик битимига ёки тинчлик келишувига эриша олмайди, деб умид қиламан”, — деди  ўз номини ошкор қилмаслик шарти билан журналистлар билан суҳбатлашган расмий.

Давлат департаменти вакилининг аниқлик киритишича, бу нафақат унинг шахсий фикри, балки “кенг тарқалган нуқтаи назар”дир. 28 ноябр куни Брюсселда бўлиб ўтган НАТО ташқи ишлар вазирларининг йиғилишида барча иттифоқчилар Украинани қатъий қўллаб-қувватлашини маълум бир шароитда билдирди”, — дея қўшимча қилди у.

АҚШ Давлат департаменти баёноти,  бошқа республикачилар сингари Киевга кенг кўламли ҳарбий ёрдам кўрсатилишига қарши бўлган Доналд Трампнинг Оқ уйга қайтиши мумкинлиги ҳақидаги қўрқув кучайиб бораётган бир пайтда пайдо бўлди.

Қўшма Штатлардаги жорий ижтимоий сўровлар шуни кўрсатадики, Доналд Трамп ва амалдаги давлат раҳбари Жо Байденнинг президентликка сайланиш имкониятлари тахминан тенг.

АҚШ Украинанинг энг йирик ҳарбий доноридир. Оқ уй маълумотларига кўра, Россиянинг кенг кўламли босқинининг бошидан бери Жо Байден маъмурияти Киевга ёрдам бериш учун 60 миллиард доллардан кўпроқ маблағ ажратган ва бу маблағларнинг 96 фоизи сарфланган.

АҚШ Конгресси Украина ва Исроилга ҳарбий ёрдам пакетларини ўз ичига олган йиллик бюджетни ҳали қабул қилмаган. Октябрь ойида Байден Конгрессдан Украинага 61,4 миллиард доллар, Исроилга эса 14,3 миллиард доллар ёрдам сўраган. Ноябрь ойи бошида республикачилар назоратидаги Вакиллар палатаси Исроилга 14,3 миллиард доллар ажратиш ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилган эди. Украинага ёрдам бериш ушбу қонун лойиҳасига киритилмаган. Демократлар бу ҳужжатни Сенатда блоклашди.

17 ноябрь куни Байден федерал ҳукуматни вақтинча молиялаштиришни давом эттириш тўғрисидаги қонунни имзолади, бунга Исроил ва Украинага ёрдам харажатлари кирмайди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1