Кеча ижтимоий тармоқларда “қарғиш учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда” мазмунидаги хабарлар тарқатилиб, гўёки Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)га тегишли ҳавола ҳам келтириб ўтилган. Адлия вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева тарқалган хабарларга изоҳ берди.
Унга кўра, мазкур хабар ҳақиқатга тўғри келмайди. Ушбу мазмундаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилмаган.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)га жойлаштирилган лойиҳаларга тизим томонидан автоматик равишда тегишли идентификация (ИД) рақами берилади ва ушбу ИД рақам ҳаволада акс этади.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси”ни аниқлаш бўйича республика танловини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасига тизим томонидан 83183 ИД рақами берилган ва бу тегишли ҳаволада ҳам акс этган (regulation.gov.uz/oz/d/83183).
"Ижтимоий тармоқ каналлари юритувчиларидан ёлғон ва нохолис, текширилмаган ахборотларни жамоатчиликка тарқатиш орқали фуқароларимизда турли хил тушунмовчиликларни келтириб чиқаришга йўл қўймасликларини сўраб қоламиз",дейилади хабарда.






