Миллий танлов ғолиблари тақдирланди

ЖАМИЯТ 06.12.2023, 13:19
Миллий танлов ғолиблари тақдирланди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида таълим ва инновациялар” миллий танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати хабар қилмоқда. 

Танлов Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги,  Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ташкил этилди. Бунда Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори талабларидан келиб чиқилди. 

Миллий танлов жорий йил 1 июнда эълон қилиниб, 15 ноябрга қадар давом этди. Бу жараёнда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновацияларни рағбатлантириш орқали аҳоли барча қатламларининг инсон ҳуқуқлари бўйича ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини янада ошириш, ушбу соҳадаги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш масалалари алоҳида эътибор марказида бўлди.

Танловга талабгорлардан 81 та ариза келиб тушди. Аризалар қуйидаги номинациялар бўйича тақдим этилди:

  • “Энг яхши расм (мавзу: "Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида")” – 18 та ариза;
  • “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган энг яхши видеоролик” – 10 та ариза;
  • “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган энг яхши ўқув адабиётлари” – 3 та ариза (босма ва электрон ўқув адабиётлари);
  • “Инсон ҳуқуқлари бўйича энг яхши мақола (илмий ва оммабоп мақолалар)” – 20 та ариза;
  • “Инсон ҳуқуқлари билимдони” – 19 та ариза;
  • “Инсон ҳуқуқлари бўйича энг яхши инновацион ғоя муаллифи” – 8 та ариза;
  • “Инсон ҳуқуқлари бўйича энг яхши ўқув курси” – 3 та ариза.

Ҳакамлар хайъати аризалар ва ижодий ишларни синчиклаб ўрганиб чиқди. Натижада 5 та номинация бўйича ғолиблар аниқ бўлди. 

Қолган номинациялар бўйича ғолиблар аниқланмади. Чунки танлов Низомига кўра, агар бирор номинация бўйича 3 тадан кам ариза келиб тушса, ўша номинацияда танлов ўтказилмайди. 

Шу нуқтаи назардан, “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган энг яхши ўқув адабиётлари” ҳамда “Инсон ҳуқуқлари бўйича энг яхши ўқув курси” номинациялари бўйича етарлича ариза келиб тушмади. Шу муносабат билан Ҳакамлар хайъати томонидан мазкур икки номинация бўйича ғолибларни аниқлаш масаласи кўриб чиқилмади.

Танлов ғолибларига диплом ва совғалар тантанали равишда топширилди.

Тадбир давомида “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёт ва ҳисобот” мавзусидаги ўқув курсида иштирок этган ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган 19 нафар тингловчига ҳам сертификатлар топширилди. Ушбу машғулотлар 2023 йил 14-17 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ижроси доирасида ташкил этилган. 

Шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш орқали ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўқув курсларини ўтказишда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган ҳамкор ташкилотларга ташаккурномалар тақдим этилди.

Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги икки нафар фахрий ходимига “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони топширилди. Ушбу мукофот Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик Кенгашининг қарорига кўра тақдим этилди.

Ушбу тадбирларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги ва 10 декабрь — Халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан эълон қилинган "Инсон ҳуқуқлари ўн кунлиги" доирасида ўтказилди. 

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1