АсосийJamiyat

Ички ишлар органларида хизматга қабул қилишнинг тартиби ўзгарди

'Ички ишлар органларида хизматга қабул қилишнинг тартиби ўзгарди'ning rasmi

Ички ишлар вазирлигининг буйруғи билан Ички ишлар органларида хизматга номзодларни танлаб олиш тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома тасдиқланди. 

Йўриқномага мувофиқ эндиликда номзодларни хизматга танлаб олиш тадбирлари қуйидаги саралаш ва ўрганиш босқичларини ўз ичига олади:

а) саралаш босқичи:

  • рўйхатдан ўтиш;
  • дастлабки ўрганиш;
  • интеллектуал ривожланганлик даражаси ва психоемоционал барқарорлигини баҳолаш;
  • тест синови;
  • жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;

б) ўрганиш босқичи:

  • хизматга яроқлилик даражасини аниқлаш мақсадида ҳарбий-тиббий комиссия кўригидан ўтказиш;
  • психофизиологик (полиграф) текширув (ички ишлар органларида хизмат қилиш учун тўсқинлик қиладиган салбий омилларни аниқлаш мақсадида).

Тест синовлари белгиланган тартиб асосида (умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим фанларининг ўқув дастурларига мувофиқ ишлаб чиқилади) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилади.

 Тест топшириқлари ҳар бир фандан 30 та топшириқни ўз ичига олади ва ҳар бир тўғри жавоб учун қуйидагича балл берилади:

Ҳуқуқшунослик фани бўйича ҳар бир тўғри жавоб учун - 3,1 балл ва жами - 93 балл;

Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича ҳар бир тўғри жавоб учун - 2,1 балл ва жами – 63 балл;

тарбия фани бўйича ҳар бир тўғри жавоб учун - 1,1 балл ва жами - 33 балл.

Тест синовлари натижаларига кўра тўпланиши мумкин бўлган умумий 189 баллдан камида 134 балл тўплаган номзодлар жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш босқичига ўтган деб ҳисобланади. Номзодлар томонидан бажарилиши лозим бўлган жисмоний тайёргарлик машқлари ва уларни бажаришга қўйиладиган талаблар эркак ва аёл номзодлар учун алоҳида белгиланади.

 Қуйидагилар эркак жинсидаги номзодлар томонидан бажарилиши лозим бўлган жисмоний тайёргарлик машқлари ҳисобланади:

куч ишлатиш машқи – тўсинда (турникда) тортилиш;

тезликка оид машқ – 100 метрга югуриш;

чидамлиликка оид машқ – 3 000 метрга югуриш.

Қуйидагилар аёл номзодлар томонидан бажарилиши лозим бўлган жисмоний тайёргарлик машқлари ҳисобланади:

  • куч ишлатиш машқи – куч ишлатиш машқлари комплекси;
  • тезликка оид машқ – 100 метрга югуриш;
  • чидамлиликка оид машқ – 1000 метрга югуриш.

Танловнинг барча босқичларида фақат “яхши” ва “аъло” баҳо олган номзодлар хизматга қабул қилинади.

    Бошқа янгиликлар