АсосийJamiyat

Тошкентда ҳар бир дарахтнинг паспорти шакллантирилади

'Тошкентда ҳар бир дарахтнинг паспорти шакллантирилади'ning rasmi

"Яшил макон" электрон платформасида ҳар бир дарахтга паспорт шакллантирилади ва ID рақам берилади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан дарахтларни паспортлаштириш жараёни тест режимида 3 босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқичда аэрокосмик тасвирлар ва дастурий воситалардан фойдаланган ҳолда мавжуд дарахтлар тўлиқ хатловдан ўтказилади (якка тартибдаги уй-жойлар ҳудудидаги дарахтлар бундан мустасно). Кейин вазирликнинг Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқилган тизим ёрдамида ҳар бир дарахтнинг координаталари аниқланади.

Иккинчи босқичда хатлов натижасига кўра аниқланган дарахтларнинг ёши, тури, бўйи, ҳолати ва жойлашув координатасини акс эттирувчи маълумотлар базаси шакллантирилади.

Учинчи босқичда эса маълумотлар базаси асосида «Яшил макон» электрон платформасида ҳар бир дарахтга паспорт шакллантирилади ва ID рақам берилади.

Таъкидлаш жоизки, дарахтларни паспортлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида «Замин» халқаро жамоат фонди билан тузилган шартнома доирасида 100 дона ГНСС ускунаси харид қилиш режалаштирилган. Тўпламга дарахтнинг энг аниқ жойлашувини аниқлаш учун ГНСС қабул қилувчилар ва ГНСС таянч станциялари, лазер диапазони, ўлчагич, планшетлар ва махсус Фиэлд мап дастури киради. Бундан ташқари, фармонда қўшимча 100 та ГНСС қурилмалари тўпламини харид қилиш кўзда тутилган.

Дарахтларни паспортлаштириш жараёни қуйидаги имкониятларни беради:

– Дарахтларнинг сони, жойлашуви, тури, баландлиги, диаметри ва ҳолати тўғрисида аниқ маълумотларга эга бўлган доимий янгиланиб турувчи геоахборот базасини яратиш;
– дарахтларнинг тўлиқ ҳисобини юритиш, уларни масъул идораларга топшириш, дарахтларни сақлаш ва парвариш қилишни таъминлаш;
– сони ва жойлашишига қараб янги дарахтларни экиш, шунингдек, эскиларини ҳолати ва турига қараб алмаштиришни режалаштиришда қарор қабул қилиш;
– шаҳар ободонлаштириш ишларини режалаштириш ва ер ажратишда дарахтлар ҳақида аҳолини батафсил хабардор қилиш;
– Дарахтларни ноқонуний кесиш устидан назоратни кучайтириш. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 464-сон қарорига асосан дарахтларни ноқонуний кесиш натижасида ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдори дарахтнинг тури ва диаметридан келиб чиқиб ҳисобланади.

    Бошқа янгиликлар