Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳрида жойлашган ХVI асрга оид тарихий ҳаммомнинг бузилиши билан боғлиқ хабарлар тарқалди. Маданий мерос агентлиги ҳудудий бошқармаси томонидан вазият жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Расмий муносабатда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 февралдаги “Давлат мулки обектларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан барча давлат мулкида турган объектлар “Э-ИЖРО АУКЦИОН” электрон савдо майдончаси орқали қайта ижарага берилиши кўрсатиб ўтилган. Юқоридаги фармонга асосан Бухоро шаҳрининг Ҳақиқат кўчасида жойлашган “Бозори Корд” ҳаммомининг олд қисмидаги умумий майдони 16,0 кв.метрни ташкил этувчи ҳужраси аукцион савдоларига чиқарилган эди.
Мазкур аукцион савдоси 2023 йилнинг 25 октябр куни ўтказилган ва фуқаро Акбар Садиков Ҳожиқурбонович ушбу аукционда №ДА150-992202-сонли ғолиблик баённомасига асосан ютиб чиққан. Фуқаро билан 26 октябр куни 734059/123-23-сонли уч томонлама ижара шартномаси тузилган.
“Бозори Корд” ҳаммомидаги эшик 2017 йилда хорижий сайёҳлар учун хорижий валюта айрибошлаш мақсадида ҳаммомнинг ғарбий томонида қўшимча эшик очиш учун тегишли рухсатнома олмасдан эшик очиш ишлари амалга оширилган. Натижада маданий мерос объектига 20 млн. сўмга яқин зарар етказилган ва мазкур зарар фуқаро А.Садиковдан тўлиқ ундирилган.
Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси томонидан А.Садиков ижарага олган ҳужранинг деворида фуқаро М.Раҳмонова ҳунармандчилик маҳсулотларини осиб савдо қилиб келаётганлиги сабабли ҳунармандчилик маҳсулотларини бошқа жойга кўчиришни ҳамда фуқаро А.Садиковни фаолият олиб бораётган ҳужрасига кириб чиқишига тўсқинлик қилмаслигини сўраб кўрсатма хати берилган.






