Ушбу ҳафтанинг биринчи ярмида қор ва совуқ об-ҳаво олиб келган совуқ антициклон Ўзбекистон ҳудудидан тез чекинмоқда. Бу ҳақда "Ўзгидромет" хабар берди.
Республика ҳудудининг катта қисмида ҳарорат кечалари 0-5о совуққача кучсизлашади, бугун кундузи эса ҳаво 4-9о илиққача исийди. Республиканинг шимолида ҳам ҳаво илиқлашади, аммо кундуз куни ҳали ҳам ҳарорат 3-8о совуқ атрофида бўлади.
Бугун кундузи Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, фақат республиканинг жанубий ва жануби-ғарбий ҳудудларида кечга томон баъзи жойларда асосан ёмғир кўринишидаги бироз ёғингарчилик бўлади.
Эртага жанубий ҳудудлардан нам ҳаво массаси республиканинг марказий ҳудудларига тарқалади. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ёмғир ва қор кўринишида бироз ёғингарчилик бўлади. Кундузги ҳаво ҳарорати 0-5о илиқгача бироз пасаяди.
Тоғли ҳудудларда асосан қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади.
17 декабр-якшанба куни республикнинг барча ҳудудлари бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Кечаси ҳарорат 0-5о совуқ, шимолда 5-10о совуқ, кундузи 2-7о илиқ бўлади.
Республика бўйича баъзи жойларга туман тушади. Айрим жойларда шамол 15-20 м/с гача кучайиши мумкин.
Пойтахтимизда: бугун ва якшанба куни ёғингарчилик кутилмайди, шанба куни вақти-вақти билан бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин.
Ҳарорат 15 декабрда 6-8о илиқ, 16-17 декабрда кечаси 3о совуқ-2о илиқ, кундузи 16 декабрда 0-2о илиқ, 17 декабрда 3-5о илиқ бўлади.






