Куни кеча Сирдарё вилоят ҳокимлиги биносида Акмалжон Маҳмудалиевнинг журналист ва блогерлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Тадбирда вилоятда амалга оширилаётган ишлар, сирдарёликларни қийнаётган муаммолар ҳақида гапирилди. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири хабар бермоқда.
Йиғилишда вилоят раҳбари журналистнинг 2020 йилда ўпирилган "Сардоба" сув омбори талофотлари ҳақидаги саволига жавоб берди.
“Бу сув омбори асосан Жиззах вилоятининг қишлоқ хўжалиги ерларини сув билан таъминлаш учун қурилган эди, қисман Сирдарё вилоятини ҳам… Лекин, Сирдарё ва Жиззах вилояти учун ҳозирда бемалол сув олиш имконияти бор.
Ҳокимнинг айтишича, айнан талафот етган жойни тиклаш учун жуда катта маблағ талаб қилинади, шу боис, ҳозирги кунда бу асосий масала эмас.
“Тўғри, буни (талафот етган жойни) тиклаш мумкин. Лекин, ҳар бир ривожланаётган давлат маблағни самарали ишлатишни ўйлайди.
Талофатдан кейин барчаси мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилган. Шунинг учун, ҳозирда қолган сувдан ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ. Энг асосийси, мавжуд сув билан Жиззах вилоятига етарлича сув етказиб берилади.
“Сувни тежашга ўргандик: ҳар бир фермер ўзининг бир километргача ички ариғини ҳам бетонлаш тизимига ўтилди. Икки йил давомида 25 минг гектар ерда сув тежавчи технологиялар қўлланилди. Мен ўйлайманки, "Сардоба"нинг ёрилган жойини тиклаш бўйича қачондир маблағ масаласи ечиладиган бўлса, унда ҳам кимдандир қўшимча тарзида, лекин ҳозирги кунда бунга эҳтиёж йўқ”, — дея таъкидлади вилоят ҳокими Акмал Маҳмудалиев.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 май куни соат 05:55 да «Сардоба» сув омбори ёрилиб, аҳоли зудлик билан эвакуация қилинган. Техноген офат оқибатида 6 киши вафот этиб, 70 мингга яқин фуқаро яшаш жойини тарк этган, минглаб уйлар вайронага айланган, бунга сабабчи деб кўрилган 17 киши эса қамалган эди.






