Жорий йил 12 декабр куни ижтимоий тармоқларда “Мактаб ўқувчи қизлари синфдошини самосуд қилмоқда” сарлавҳаси остида видеолавҳа тарқатилди.
Мазкур ҳолат Хоразм вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ишчи гуруҳи ҳамда тегишли ташкилот вакиллари иштирокида ўрганилди ва қуйидагилар аниқланди.
Видеолавҳада акс этган воқеа 2023 йил 15 ноябрь куни Хоразм вилояти Янгиариқ туманидаги 17-сон умумий ўрта таълим мактабининг 7-синф ўқувчилари ўртасида катта танаффус пайтида содир бўлган бўлиб, шу куни улар ўртасидаги ўзаро келишмовчилик ва жанжал бошқа бир синфдош қиз томонидан тасвирга олиниб, ижтимоий тармоққа жойланганлиги маълум бўлди.
Ушбу вазият туман ИИБ ходимлари томонидан муҳокама қилиниб, профилактика инспекторлари томонидан Ўз.Рес МЖтКнинг 47-моддаси 1-қисми бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Келгусида шу каби ҳолатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, туман ИИБ, маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳамкорлигида жанжалда иштирок қилган ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирокида профилактик суҳбат ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди.






