Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида Наманган вилояти прокурори ўринбосарининг Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди ва 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинувчи ва Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган Наманган вилояти ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган Саидаҳмад Султонов (1976 йилда Наманган шаҳрида туғилган) га нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси тақдим этилган ҳужжатлар билан кўриб чиқилди. Бу ҳақда Наманган суди Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2023 йил 16 декабрдаги ажрими билан Наманган вилояти прокурори ўринбосарининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, гумон қилинувчи С. С.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қамоққа олиниши ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланди.
Шунингдек, Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида Бухоро вилояти прокурорининг биринчи ўринбосарининг Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди, 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” банди, 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” банди ва 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинувчи ва Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган Бухоро тумани ҳокими лавозимида ишлаган Хайрилло Жўраев (1973 йилда Бухоро вилоятида туғилган) га нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси тақдим этилган ҳужжатлар билан кўриб чиқилди. Бу ҳақда Бухоро туман суди Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2023 йил 16 декабрдаги ажрими билан Бухоро вилояти прокурорининг биринчи ўринбосарининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, гумон қилинувчи Х. Ж.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қамоққа олиниши ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланди.
Бундан ташқари Тошкент вилоятининг Бекобод тумани ҳокими Шуҳрат Мирзаев 2023 йилнинг 15 декабрь куни кечки пайт хизмат уйидан олиб кетилган.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати масъулларининг маълум қилишича, Шуҳрат Мирзаевнинг иши Бекобод билан боғлиқ эмас.






