Болалар омбудсманига Келес шаҳрида яшовчи К.Т. томонидан унинг 2019 йилда туғилган қиз фарзандига нисбатан болалар боғчасида жинсий тегажоғлик содир этилгани ҳақида мурожаат келиб тушган.
Мазкур мурожаатни Бош прокуратура билан биргаликда ўрганиш натижасида Келес шаҳридаги хусусий боғчада бўлган вақтида болага нисбатан жинсий тегажоғлик қилингани юзасидан 2023 йил 15 декабрда Жиноят кодексининг 129-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда Тошкент тумани ИИБ ТБ томонидан дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари Тошкент тумани, Келес йўли кўчасида З.Б. ўзи яшаб келаётган уйида 2023 йил 1 декабрдан бошлаб, тегишли равишда рухсатнома олмасдан, ҳеч қандай лицензиясиз болалар боғчаси ташкил этгани аниқланган.
Тошкент тумани санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими томонидан ушбу хонадон ўрганилганда, бу ерда санитария қоидалари жиддий равишда бузилгани ва боғчада ишлаган Г.Қ. ва З.Б. тиббий кўрикдан ўтмагани аниқланган.
Жиноят иши тергови давомида фуқаро З.Б.нинг лицензия олмасдан мактабгача таълим муассасаси очиб фаолият кўрсатгани ҳолатига ҳам ҳуқуқий баҳо берилмоқда.
“Мазкур жиноят иши тергови вилоят прокуратураси, Бош прокуратура томонидан назоратга олинган ҳамда Болалар омбудсманининг бола манфаатлари юзасидан кузатуви остида”, — дейилади хабарда.






