АсосийJamiyat

Ангренда ўқитувчилар кечаси мактабга келган кўмирни ташигани айтилди (видео)

'Ангренда ўқитувчилар кечаси мактабга келган кўмирни ташигани айтилди (видео)'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги 39-сонли мактабда ўқитувчилар ярим кечаси кўмир ташигани акс этган видео тарқалди. 

Ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий муносабат билдирди.

Муносабатда келтирилишича, мазкур таълим муассасасига жорий йилнинг ноябрь ойида Президентнинг 57-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида мактабгача ва умумтаълим ташкилотларини куз-қиш мавсумига ҳозирлаш, хусусан кўмир ёқилғисини етказиб бериш ишлари амалга оширилган.

Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига кўра, мактабга шу йилнинг 11 ноябрида тунда кўмир ёқилғиси келиб тушган. Мактаб маъмурияти, ходимлар ва мактаб атрофидаги аҳоли ёрдамида шу куннинг ўзида, уларнинг ўз ташаббуси билан ёғин-сочинга қолдирмай кўмирни махсус қурилган омборга киритиб олишган.

Хабардаги видеони муассаса раҳбарияти, миннатдорлик сифатида суратга олиб мактабнинг телеграм гуруҳига ташлаган.

“Бу видеодан эса бир ой ўтиб, баъзи ғараз ниятли шахслар буткул бошқа мақсадда фойдаланган. Мазкур таълим муассасасида ҳеч қандай мажбурий меҳнат содир этилмаган”, дейилади муносабатда.

    Бошқа янгиликлар