Тошкентда "Мерcедес-Бенз" русумли йўловчи автобуси ёниб кетди.
Ҳолат юзасидан, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ Ахборот хизмати расмий маълумот берди.
Унга кўра, ушбу автобус 2008 йил ишлаб чиқарилган бўлиб, дастлабки маълумотга кўра, соат 20:00 да “5-автобус саройи” тасарруфидаги давлат рақами 01|794 ОЖА, сарой рақами 369- бўлган, "Мерcедес-Бенз" русумли, 151-сонли Чингелди махалласи-Буюк Ипак йўли метро бекати йўналишида ҳаракатланувчи, ҳайдовчи Р.А бошқарувидаги автобус, Мирзо Улуғбек тумани, Мирзо Улуғбек кўчаси Кимё институти биноси қаршисида ҳаракатланаётган вақтда, автобуснинг юқори босимли ҳаво қувурининг ёрилиши натижасида қисқа туташув юзага келган ва ҳайдовчи томонидан тутунни ўчириш учун дастлабки чоралар кўрилишига қарамай қисқа туташув алангага айланган. Шундан сўнг, воқеа жойига ФВВ Ёнғин қутқарув бўлинмаси тезкор гуруҳи чақирилиб, ёнғин қисқа вақтда бартараф этилган. Мазкур ҳодиса натижасида тан жароҳати олганлар йўқ, автобуснинг двигател қисмига зарар етган.
Ҳозирда, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг Ишлаб чиқариш техник бўлими ходимлари томонидан хизмат текшируви олиб борилмоқда.
“Ҳурматли ҳайдовчилар! Йўлларда ҳаракатланаётганингизда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишингизни ва автотранспорт воситаларини техник ҳолати соз эканлигига эътиборли бўлишингизни сўраймиз!”, дейилади хабарда.






