Олий Мажлис Сенатининг 48-ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Нарбаева хусусий сектордаги аёлларга "декрет" пули бўйича давлат харажатларининг қисқараётгани ҳақида фикр билдирди.
"Кейинги йил Буджетида хусусий секторда ишловчи аёлларнинг ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари (декрет) миқдори қисқартирилгани кўпчиликда саволларни туғдирди.
Ҳолбуки, бу қисқартиш реал ҳисоб-китоблар, яъни жорий йилги ўзлаштириш даражасини инобатга олган ҳолда белгиланган. Лекин, токи Буджет лойиҳаси эълон қилингунга қадар хусусий секторда ишловчи аёлларнинг декрет пули билан боғлиқ реал ҳолат тегишли идоралар жамоатчиликка тақдим этилганини эслай олмаймиз. Масалан, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ушбу масала билан қизиқмаган.
“Нега ўзлаштириш кам бўляпти?”,
“хусусий сектордаги аёлларимиз давлатнинг бу кафолатидан қанчалик хабардор?”,
“хусусий корхоналар бу масалага қандай ёндашяпти?”, деган саволлар доирасида кенг қамровли муҳокамалар бўлди дея олмаймиз. Ваҳоланки, мутасадди вазирлик, идоралар бунга биринчи навбатда эътибор қаратишлари керак эди.
Ҳамма, айниқса хусусий секторда расман меҳнат қилаётган аёлларимиз билиб қўйишлари керак: ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари – бу давлат кафолати ва ҳар қандай ҳолатда ҳам тўлаб берилади. Бошқача талқинга ўрин йўқ!
Ҳурматли сенаторлар, қолаверса бизни кузатиб турган маҳаллий Кенгашлардаги ҳамкасбларимиз, шуни айтиш керакки, бу каби масалаларда биз ҳам биринчилар қаторида масъулмиз.
Давлат буджетида кўрсатилган ҳар бир рақамнинг асоси, мазмуни ва аҳамиятини аҳолига тушунтиришимиз керак", - дея таъкидлаган у.






