Болалар омбудсмани эрта никоҳлар ва мактаб ёшидаги қизларга нисбатан унаштирув маросимларини ўтказилиши каби салбий ҳолатлар юзасидан Қашқадарё вилоятининг Кўкдала, Касби ва Косон туманларида ўрганишлар ўтказди.
22 ва 23 декабрь кунлари Бола ҳуқуқлари бўйича вакил — Болалар омбудсмани Сурайё Рахмонова Косон, Касби ва Кўкдала туманларида бўлди.
У иштирокида ўтказилган йиғилишларда бугунги долзарб ва оғриқли масала - эрта никоҳ ҳолатларини олдини олиш ва бу борада масъуллар олдида турган муҳим вазифалар муҳокама этилди.
Шунингдек, Болалар омбудсмани шу кунларда ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган вояга етмаган қизларнинг турмушга берилгани ҳақидаги хабарларни ҳам ўрганди. Ҳолатлар таҳлил қилинди.
Ташкил қилинган учрашувларда фарзандларини эрта турмушга бермоқчи бўлган ота-оналар ҳам чақиртирилиб, уларга эрта никоҳнинг салбий оқибатлари тушунтирилди.
Бу ҳолатларга йўл қўйган ота-оналар Маъмурий ва Жиноят кодекслари билан белгиланган жавобгарликка тортилиши эслатилди.
Болалар омбудсмани унаштирув маросими ўтказилган деб ижтимоий тармоқларда хабар тарқаган ҳар бир қиз билан учрашиб, улар билан алоҳида холи суҳбат ўтказди.
"Туманларда ўрганиш ва таҳлиллар олиб борилди.
Бугун, 23-декабр куни ўрганишлар натижасида, туман ҳокимияти ва мутасаддилар Косон туманидаги бир оила 18 ёшга тўлмаган қизини тўйи белгинганлигини аниқлаб, тўй ва унга боғлиқ барча маросимлар тўхтатилди. ФҲДЁ томонидан қайд этилган никоҳ гувоҳномаси бўлмай шаръий никох ўқиган диний вакил жавобгарликка тортилиши чоралари кўрилди. Бу борадаги ишлар тизимли равишда давом этади" дейилади хабарда.






