Вояга етмаган Ч.Т. 2023 йилнинг май ойидан 15 ноябригача Шаҳрисабз туманида яшовчи фуқаро Н.А. томонидан 7 ой давомида таҳдид орқали жинсий эксплуатация қурбонига бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова Қашқадарёда 7 ой давомида жинсий эксплуатация қурбонига айланган 14 ёшли қиз ҳолидан хабар олди.
Сурайё Раҳмонова қиз билан учрашиб, унга кўрсатилаётган ижтимоий кўмак, таълим шарт-шароитлари ҳамда эмоционал-психологик ёрдам ҳолатини ўрганди.
Қайд этилишича, қизнинг ҳозирда аҳволи анча яхшиланиб, барқарорлашган, психолог томонидан унга мунтазам кўмак кўрсатилмоқда. Шунингдек, педагоглар жалб қилинган ҳолда болага мактаб дастуридаги асосий фанлардан дарслар ўтилмоқда.
“Жумладан, Ч.Т. инглиз тили ва компьютер саводхонлигига катта иштиёқ кўрсатяпти, тасвирий санъатга эса алоҳида қобилияти бор. Самимий суҳбатимиз давомида қизча келгусидаги режалари билан бўлишди, энг асосий мақсади — таълим олиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасининг етук мутахассиси бўлишга интилишини билдирди”, — дейилади болалар омбудсмани хабарида.






