Қиш мавсумида аҳолининг ёнилғи маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда Бухоро вилоятида ўтказилган текширувлар натижасида, бир нечта туманларда кўмир маҳсулотлари талон-торож қилинганлиги ҳолатлари аниқланди.
Хусусан, "Кўмир таъминот" МЧЖнинг Бухоро вилоят филиали Вобкент кўмир омборида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 29 сентябрдаги 551-сонли қарори билан тасдиқланган "Республика аҳолисини кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш тартиби тўғрисида"ги Низом талабларига мувофиқ, аҳолига имтиёзли нархда етказиб берилиши керак бўлган 455,7 тонна, Олот кўмир омборида 205,3 тонна, Қоракўл кўмир омборида 78 тонна, Жондор кўмир омборида эса 67,4 тонна кўмир ноқонуний сотиб юборилганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур кўмир омборларининг мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисми (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






