Таъмирлаш ишлари туфайли бугун, 26 декабрь куни Шаҳрисабз шаҳри, Чироқчи, Яккабоғ, Китоб ва Шаҳрисабз туманида табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда “Ҳудудгаз Қашқадарё” ГТФ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Муборак Магистрал газ қувури бошқармасининг 02/86-сонли факсограммасига асосан айни дақиқалардан таъмирлаш ишлари якунлангунга қадар, Шаҳрисабз шаҳри, Чироқчи, Яккабоғ, Китоб ва Шаҳрисабз туманида табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилади.
Шунингдек, юқоридаги ҳудудларда жойлашган 21 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида ҳам газ бўлмайди.
Юзага келаётган ноқулайликлар учун газ таъминоти филиали истеъмолчилардан узр сўрайди.






