Шу йилнинг 27 декабрь куни пойтахтдаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуасида мамлакатимиздаги масжидларда фаолият юритаётган бир гуруҳ имом-домлаларга Қуръони карим қироати бўйича “Ижоза” бериш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақида мусулмонлар идораси хабар берди.
“Ижоза” арабча сўз бўлиб, “рухсат бериш” маъносини англатади. Яъни, Қуръони карим устозининг ўз шогирдига Қуръони каримни ўқиш учун изн беришидир.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуслари билан “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими мудири, ўн хил қироат соҳиби Шайх Алижон қори Файзулла Маҳдум ўғли томонидан имом-хатиблар қироатини тажвид қоидаларига мос бўлишини таъминлаш борасида тизимли машғулотлар олиб борилди.
Файзли тадбирда Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари сўзга чиқиб, бугун диёримизда улкан тарихий воқеа, халқимиз, айниқса, аҳли илмлар йиллар давомида интиқиб кутган орзулари амалга ошаётгани, яъни, имом-домлаларимиз Қуръони карим қироати бўйича “Ижоза” олиш бахтига муяссар бўлаётганларини мамнуният билан қайд этдилар.
Ҳозирги кунда ушбу амалиёт Марказий Осиё давлатлари орасида фақатгина юртимизда жорий қилингани билан янада аҳамиятли экани, шу боисдан ҳам қўшни давлатлар бу борада ҳавас қилаётганларини таъкидладилар.






