АсосийJamiyat

Узун туманида янги темир йўл вокзали ишга тушди

'Узун туманида янги темир йўл вокзали ишга тушди'ning rasmi

Сурхондарё вилоятининг қўшни Тожикистон билан чегарадош Узун туманида “Узун” темир йўл вокзалининг янги биноси фойдаланишга топширилди. 

Мамлакатнинг энг чекка ва олис туманида қурилиб, ишга туширилган “Узун” темир йўл вокзали маҳаллий аҳоли ва бошқа йўловчилар учун ажойиб туҳфа бўлди. 

Шу пайтгача йўловчиларга хизмат кўрсатиб келган темир йўл бекати ўрнида барча қулайликка эга муҳташам вокзал ташкил этилди. 

“Тоштемирйўллойиҳа” масъулияти чекланган жамияти мутахассислари лойиҳаси асосида қурилган вокзал миллий ва замонавий архитектура ечимлари асосида барпо этилган. Вокзал атрофига, бинонинг ташқи ва ички қисмига миллий анъаналаримиз асосида безак берилиб, кутиш зали, дам олиш ва ювиниш, тиббиёт хоналари, юқори даражадаги сервис хизматлари кўрсатиш зали қурилган.  АСУ “Экспресс-3” тизимли ускуналар билан таъминланган замонавий темир йўл чиптахонаси, йўловчилар учун айвон мавжуд. Электрон чипталарни рўйхатдан ўтказиш йўлга қўйилган. Электрон маълумотлар таблоси ўрнатилган.

"Мослаштирилган бинода 40-50 йўловчига хизмат кўрсатилар эди. Бу борада мамлакатимизнинг кўплаб вокзалларидан ортда қолганимиз ҳам бор гап. Бунга бир сабабдан вокзалнинг эскириб, таъмирга муҳтож бўлиб қолгани бўлса, иккинчидан фойдаланаётган йўловчилар кўплиги, кутиш зали сиғимининг кичиклиги ва замонавий дам олиш хоналарининг йўқлигидан андак хижолат чекардик. Пухта лойиҳа асосида бунёд этилган замонавий вокзалда эса йўловчилар учун барча қулайлик инобатга олинган. бир вақтнинг ўзида 100-150 йўловчини сиғдира оладиган ва ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам мўътадил ҳарорат билан таъминланадиган кутиш зали,  замон талабларга мос дам олиш хоналари, чиптахона, она ва бола ҳамда тиббиёт хоналари мавжуд", – дейди “Узун” вокзали раҳбари Ботир Мирзоқулов.

    Бошқа янгиликлар