Раҳбар бўлиш осонмас. Унинг имтиёзлари билан бирга ўз талаблари бор. Қолаверса, мансаб-мартаба бевафо бўлади. Қилинган кичик хато билан ҳам ундан айрилиб қолиш мумкин. Амал отига “минган” баъзи кимсалар эса, мажбуриятларини унутиб, ваколатларидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишни ўйлайди. Бундайларнинг кирдикорлари кун келиб, албатта, ошкор бўлади. Тугашига саноқли кунлар қолган йилда ҳам баъзи “мансабдор”ларнинг қилмишлари фош этилди. Улар халқ дуосини олиш ўрнига “халқ қаҳрамони”га айланишди.
Собиқ вазир қамоққа олинди
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ва 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинган ва Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган собиқ қишлоқ хўжалиги вазирига нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги Бош прокурор ўринбосари илтимосномаси кўриб чиқилган.
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 2023 йил 14 декабрдаги ажрими билан Бош прокурор ўринбосарининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, гумон қилинувчи А. В.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қамоққа олиниши ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланди.
Ҳокимларнинг ҳаммаси ҳам “оппоқ” эмас
Наманган вилояти ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган С. С. Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди ва 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинувчи ва Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган.
Шунингдек, Бухоро тумани ҳокими лавозимида ишлаган Х. Ж. Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди, 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” банди, 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” банди ва 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилиниб қамоққа олинган.
Ўзини ўзи рағбатлантирган ҳоким
Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри ҳокими Н. Х. ўзини рағбатлантириш учун 75 миллион сўм маблағ ажратишга қарор қилди. Ушбу қарор ўз вақтида “E-qaror” электрон тизимига жойлаштирилган ва ҳоким буванинг шахсан ўзи томонидан унга имзо чекилган. Бироқ мазкур қарор ижро этилмай туриб, тегишли тартибда бекор қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Қарши шаҳар ҳокимининг 25 августдаги қарори амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига зид тарзда қабул қилингани аниқланган. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлигига коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритилди.
Шундай бўлсада, Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг вилоят маҳаллий бюджети қўшимча манбалари ҳисобидан маблағларни йўналтириш кўзда тутилган қарори қабул қилинди. 9 октябр куни қабул қилинган қарор билан 23 миллиард сўмдан ортиқ маблағ турли мақсадлар учун йўналтирилган. Қарор иловасига кўра, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан “Энг ташаббускор сектор” номинациясида ғолиб бўлган Қарши шаҳар 1-сектор раҳбари, яъни шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоевни рағбатлантириш учун 56,2 миллион сўм маблағ ажратилган. Бунга Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 августдаги 536-сонли қарори асос қилиб олинган.
Солиқчиларнинг кирдикори фош бўлди
Ҳуқуқ-тартибот идоралари Солиқ қўмитаси марказий аппаратининг бир қатор ходимларини қўлга олди. Хусусан, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш департаменти директори ўринбосари, Солиқ қўмитаси ҚҚС бошқармаси маъмуриятчилиги бошқармаси ҚҚС тўловчиларини махсус рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи ва Тошкент шаҳри Солиқ бошқармаси камерал солиқ текширувлар шўъбаси собиқ раҳбари қўлга олинган. Улар бир қатор ишбилармонларнинг ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини яширганликда гумон қилиниб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Самарқандда бир гуруҳ “каттаконлар” ушланди
Самарқанд вилоятида тезкор тадбирлар чоғида бир гуруҳ давлат хизматчилари қабиҳ ишга қўл ургани аниқланди. Хусусан, “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ Самарқанд шаҳар филиали раҳбари Ж.З. кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилган.
“Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали метрология хизмати бошлиғи, Р.Ж. эса ўз мансаб ваколатларидан фойдаланиб, Нарпай туманида жойлашган “Карим қурилиш савдо” хусусий корхонасининг норасмий раҳбари О.А. томонидан ўғирланган табиий газ ҳисобини яшириш мақсадида, етказиб берилган ва истеъмол қилинган табиий газ ҳисоб-китобини мунтазам ўзгартириб келган. Шу билан бирга, у юқори босимли газ тармоқларида юзага келган камомад ва эҳтимолий ўғирлик ҳолатлари мавжудлигини билса-да масофадан туриб, газ тарқатиш станцияларидаги газ ҳисоблагичларига ташқи таъсир кўрсатган.
Мазкур ҳолатга “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали “Нарпайтумангаз” газ таъминоти бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган З.А. ҳам кўмаклашиб, “Карим қурилиш савдо” хусусий корхонасининг ноқонуний фаолиятини қўллаб-қувватлаган ва амалга ошириладиган текширув тадбирлари хусусида уларни олдиндан хабардор қилиб келган.
Яна бир ҳолатда Акциядорлик тижорат “Халқ банки” Самарқанд филиалида чакана бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган Ш.Ю. ўз мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда ўз банк пластик картасига ноқонуний равишда 631 миллион сўмни кирим қилиб, ушбу маблағнинг барчасини “1 ХВЕТ” қимор ўйинига тикиб, ютқазиб қўйгани аниқланган.
Самарқанд вилоятида эса “Қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш консалтинг маркази” директори С.Г. ҳамда марказ бош ҳисобчиси, А.Ж. ўзаро жиноий тил бириктириб, марказ маблағларини талон-тарож қилиб келганлиги аниқланди. Марказнинг 2016-2023 йиллардаги фаолияти ўрганилганда бу мансабдор шахслар 1,3 миллиард сўм маблағни ўзлаштириб юборганлиги маълум бўлиб, ушбу ҳолатлар тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди.
Қонун олдида вазир ҳам оддий ходим ҳам баробар, муболаға қилиб айтганда “шоҳ ва гадо тенг”. Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар бўйича тегишли моддалар билан жиноят ишлари қўзғатилган. Халқимизга ҳалол хизмат қилиш ўрнига лавозимини суиистеъмол қилган собиқ мансабдорлар, албатта, қилмишига яраша жавобгарликка тортилади.
Карим ЗАРИПОВ тайёрлади






