1

Ўзбекистон спорти 2023 йилда нималарга эришди?

СПОРТ 01.01.2024, 14:54
Ўзбекистон спорти 2023 йилда нималарга эришди?

Якунига етаётган 2023 йил спортимиз учун ҳар қачонгидан ҳам омадли ва сермаҳсул йил бўлди деб айта оламиз. Боиси спортчиларимиз жаҳон ареналарида кўплаб юқори натижаларга эришди. Юртимиз бир қатор нуфузли мусобақаларга мезбонлик қилди. Ушбу саҳифамизда юртимизда бўлиб ўтган Осиё ва жаҳон чемпионатлари ва уларда қайд этилган ғалабалар ҳақида тўхталмоқчимиз!

ФУТБОЛ: 1-18 март кунлари мамлакатимиз футбол бўйича U-20 Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. U-20 Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси чорак финалда Австралияни пенальтилар сериясида мағлуб этди. Шу тариқа Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси 8 йиллик танаффусдан сўнг яна бир мундиалда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Мусобақа ғолиблиги учун Ўзбекистон ва Ироқ терма жамоалари баҳс олиб боришди. Шиддатли курашларда ҳамюртларимиз 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, илк бор қитъа чемпионлигини қўлга киритишди. Ўйиндаги ягона голни 72-дақиқада Умарали Раҳмоналиев киритди. Президент Шавкат Мирзиёев Осиё кубоги финалини томоша қилди, терма жамоамизни тақдирлаш маросимида ҳам иштирок этди ва бош соврин – Осиё кубогини йигитларга топширди.

ҚИЛИЧБОЗЛИК: 2-9 март кунлари Тошкентда қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида қитъа биринчилиги бўлиб ўтди. Бу баҳсда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 3 та олтин ва 1 та бронза медаллар билан Кореядан сўнг иккинчи, ёшлар тоифасида эса 6 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медаллар билан биринчи ўринни қўлга киритди. Муросасиз жангларда қизларимиз ҳар икки йўналишда олтин медалларни қўлга киритган бўлсалар, гонконглик рақибларига имкониятни бой берган йигитларимиз кумуш медалларни қўлга киритишди. Ўзбекистон терма жамоаси шу тариқа умумий ҳисобда 9 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза медалларига сазовор бўлди. Бу эса вакилларимиз томонидан қайд этилган тарихий натижа бўлди дейиш мумкин. 

ДЗЮДО: 3-5 март кунлари пойтахтимиздаги "Юнусобод спорт мажмуаси" дзюдо бўйича Тошкент "Катта дубулға" турнирига мезбонлик қилди. Дунёнинг 49 мамлакатидан ташриф буюрган спортчилар ўртасидаги баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси Япониядан сўнг умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Мусобақада спортчиларимиз 3 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза, жами 8 та медалга сазовор бўлишди. Муросасиз беллашувларда Муроджон Йўлдошев, Давлат Бобонов ва Алишер Юсупов олтин медалларга эга чиқишди. Қайд этиш жоиз, бу "Катта дубулға" турнирларида медаллар сони бўйича Ўзбекистон терма жамоаси учун янги рекорд ҳисобланади!

ЭШКАК ЭШИШ: 26-30 апрель кунлари кўҳна Самарқанд шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. U-23, U-20 ва параканоэ бўйича ташкил этилган мазкур мусобақада Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Эрон, Ироқ, Ҳиндистон, Хитой Таипейи, Гонконг, Таиланд, Индонезия каби мамлакатлардан 400 нафар спортчи иштирок этди. Қитъамизнинг 11 мамлакатидан ташриф буюрган спортчилар ўртасидаги беллашувда Ўзбекистон терма жамоаси U-18 ва U -23 ёш тоифаларида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди. Ҳамюртларимиз мазкур йўналишда 26 та олтин, 12 та кумуш ва 10 та бронза медалларини жамғаришди. Параканоэчиларимиз эса 4 та олтин, 7 та кумуш ва 4 та бронза медаллари билан умумжамоа ҳисобида учинчи бўлишди.

ЕНГИЛ АТЛEТИКА: Пойтахтимизда 27-30 апрелдаенгил атлетика бўйича 18 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида қитъа биринчилиги ўтказилди. Мусобақада Осиёнинг 40 та давлатидан 500 нафардан зиёд спортчи ғолиблик учун кураш олиб борди. Муросасиз беллашувларда Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари 3 та олтин, 3 та кумуш ва 6 та бронза, жами 12 та медални қўлга киритишди. Алоҳида таъкидлаш керак, мусобақада термамизга илк олтин медални тақдим қилган спортчимиз Шарифа Давронова уч ҳатлаб сакраш дастурида 13,99 метр натижа қайд этди. Ушбу натижа жаҳон миқёсида мавсумнинг энг яхши натижаси сифатида қайд этилди.

 

БОКС: 30 апрель–14 май кунлари Тошкент шаҳри тарихда илк бор бокс бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди. Пойтахтимиздаги муҳташам «Ҳумо» аренада ўткан дунё биринчилигида 100 дан ортиқ мамлакатнинг 550 нафарга яқин боксчилари иштирок этди. Беллашувларда Ўзбекистон терма жамоаси тарихийнатижа қайд этди. Музаффар боксчиларимиз мусобақа давомида 5 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза, жами 9 та медалга сазовор бўлишди. Шубҳасиз, бу билан ҳамюртларимиз умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритишди. Шу пайтгача боксчиларимиз ҳеч бир жаҳон чемпионатида 5 та олтин ва умумий ҳисобда 9та медални қўлга киритишмаганди.

 

ВОЛEЙБОЛ: 14-19 июль кунлари Тошкентда волейбол бўйича U-16 ёш тоифасида йигитлар ва қизлар ўртасида Марказий Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Покистон, Эрон терма жамоалари баҳс олиб борди. Қизлар ўртасида Қозоғистон жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Ўзбекистон-1 жамоасига насиб этган бўлса, ярим финалда имкониятни бой берган Ўзбекистон-2 қизлари бронза медаллари билан тақдирланди. Йигитлар ўртасидаги финалда Покистонни 3:2 ҳисобида доғда қолдирган Эрон чемпионликни тантана қилди. Имкониятни бой берган йигитларимизга бронза медаллари топширилди. 22-29 июль кунлари эса Йигитлар ўртасида волейбол бўйича U-16 ёш тоифасидаги Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Улар мусобақанинг кумуш медалларига сазовор бўлдилар. Бу волейболчиларимиз учун қитъа биринчилигидаги илк финал бўлди. Терма жамоа келаси йил бўладиган жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳам қўлга киритишди.

ДЗЮДО: 16-19 - ноябрь кунлари Тошкент илк бор дзюдо бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Беллашувларда 15 дан ортиқ мамлакатдан 400 дан зиёд спортчилар қатнашди. Бу йирик мусобақа IJFнинг календарь режасидан ўрин олган эди. Ўсмирлар беллашувларида 7 та олтин, 5 та кумуш ва 5 та бронза жами 17 та медални қўлга киритган ҳолда 15 мамлакат орасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўрин қўлга киритилди. 7 та олтин, 3 та кумуш ва 6 та бронза жами 16 та медалга эга чиққан ўсмирларимиз ҳам 15 мамлакат орасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашди. Ушбу натижалар юртимизда дзюдо спорт турли шиддат билан ривожланиб бораётганидан дарак беради.

Учқун Намозов тайёрлади!

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1