Хитойнинг целлофан гуручлари Тошкент бозорларида сотилаётгани ростми?

ЖАМИЯТ 03.01.2024, 13:48
Хитойнинг целлофан гуручлари Тошкент бозорларида сотилаётгани ростми?

Ижтимоий тармоқларда Хитойда целлофандан сунъий гуруч ишлаб чиқарувчи машина ўйлаб топилгани акс этган видео ҳамда ушбу маҳсулотлар Тошкент шаҳрига ҳам импорт қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.  

Бу каби маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бунга далил сифатида эса мамлакатга импорт қилинадиган гуручлар ичида зараркунанда ва ҳашаротлар йўқлиги ҳамда инфекциялар олиб кирилмаслиги бўйича текширувдан ўтказилиши келтирилган. Бу ҳақда ЎзА Божхона қўмитаси матбуот хизматига таяниб, хабар берди.

“Маҳсулот тегишли ташкилотлар хулосасига кўра, истеъмолга ёки экишга яроқли деб топилсагина Ўзбекистонга олиб киришга рухсат берилади”, дейилади хабарда. 

Шунингдек, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги матбуот хизмати ҳам бундай гуруч Ўзбекистонга импорт қилинмаганини билдирди. 

Айтиш жоизки, Ўзбекистонда ҳар йили 100 минг гектардан ортиқ майдонда шоли етиштирилади. Бунда аҳоли жон бошига йилига ўртача 9,8 килограммдан гуруч талаб этилади. Яъни, республика аҳолисини тўлиқ гуруч маҳсулотлари билан таъминлаш учун 353 минг тонна гуруч захираси зарур.

2022 йилда Республика бўйлаб 105,8 минг гектар майдонда 310 минг тоннани гуруч етиштирилган, 8 минг тонна гуруч импорт қилинган. 2023 йилда эса 53,5 минг тонна (истеъмолга нисбатан 10 минг тонна ортиқча) гуруч олиб кирилган. 

Жумладан, Қозоғистондан 29,3 минг тонна (54,7 фоиз), Покистондан 23,2 минг тонна (43,3 фоиз), Таиланддан 599 тонна (1,1 фоиз), Туркиядан 265 тонна (0,5 фоиз), Ҳиндистондан 126 тонна (0,2 фоиз) ва бошқа мамлакатлардан 21,1 тонна (0,02 фоиз) гуруч сотиб олинган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1