Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги “Янги Ўзбекистонда дув-дув гап” мавзусида бадиий фильм яратиш бўйича танлов эълон қилинди.
Танлов 2 босқичда ўтказилади.
1-босқичи 2024 йилнинг 5 январидан 15 январига қадар давом этади. Унда фильмнинг адабий сценарийси учун синопсислар танлаб олинади. Синопсисда қуйидаги ғоялар юқори бадиий савияда акс эттирилиши лозим:
▪️ Юртимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилган ислоҳотлар;
▪️ Янги Ўзбекистон даврида амалга оширилаётган иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ислоҳотлар, маънавий, маърифий ва маданий соҳалардаги ижобий ўзгаришлар;
▪️ маҳалланинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, халқ билан давлат ўртасидаги “кўприк” вазифасини бажарувчи тузилма сифатида ташкил қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар;
▪️ халқимизнинг ўзига хос урф-одатлари, анъаналари, қадриятлари, эзгу фазилатлари, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган ибратли ҳаётий сабоқлар;
▪️ “оила – муқаддас”, “кексаларга ҳурмат”, ватанпарварлик, адолат, эзгулик каби қадриятлар.
Танловга тақдим этиладиган синопсислар қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши лозим:
а) фильмнинг асосий қаҳрамонлари, уларнинг ўзига хос характери, асосий сюжет линияси, воқеалар, авж нуқтаси ва ечими акс этган бўлиши;
б) ўзбек тилида, адабий тил ва имло қоидаларига риоя қилинган ҳолда А4 форматда, 14 шрифтда, 1,5 интервалда ёзилган бўлиб, ҳажми 3-5 саҳифадан иборат бўлиши керак.
2-босқичи 2024 йилнинг 16 январидан 30 январига қадар давом этади. Унда 1-босқичда танлаб олинган синопсислар асосида кинолойиҳалар танлаб олинади. Кинолойиҳада қуйидаги маълумотлар акс этиши лозим:
▪️ фильмнинг ишчи номи, формати ва умумий ҳажми;
▪️ жанри, аудиторияси;
▪️ тахминий харажатлар сметаси;
▪️ тақдимот (ижодий гуруҳ, актёрлар, локациялар ва бошқа маълумотлар).
Синопсислар ва кинолойиҳалар белгиланган муддатларда танлов иштирокчисининг аризаси, исми-шарифи ва у ҳақида қисқача маълумотни бириктирган ҳолда “Танлов комиссиясига” деб қайд этилган конвертда Кинематография агентлигига тақдим этилиши лозим.
Қўшимча маълумот учун телефон: 71 277-81-49, 90 907-44-44
Манзил: Тошкент шаҳри, Чилонзор кўчаси, 1А-уй