Қаршида 5 ёшли бола онаси томонидан қийноққа солинаётгани айтилди. Жиноят иши очилиши рад этилганидан ота норозилик билдирмоқда

ЖАМИЯТ 05.01.2024, 08:52
Қаршида 5 ёшли бола онаси томонидан қийноққа солинаётгани айтилди. Жиноят иши очилиши рад этилганидан ота норозилик билдирмоқда

ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Қаршида олти ёшга ҳам тўлмаган бола қийноққа солинаётгани ҳақида видеохабар эълон қилинди. Ҳолат юзасидан Болалар омбусмани муносабат билдирди. 

Мазкур ҳолат фуқаро А.У нинг мурожаати Болалар омбудсманига келиб тушган ва ҳозирда ҳар томонлама ўрганиш жараёнидадир.

Воқеа 2020 йилда турмушдан ажрашган Л.Ж. ва А.У ларнинг фарзанди 2018 йилда туғилган A.Қ. ота-онасидан қай бири билан яшаши масаласига оид ўзаро низодаги ота-оналарга тегишли вазиятдир.

Шунингдек, мазкур низо доирасида отанинг фарзандига онаси томонидан зўравонлик ва турли жароҳат етказганлиги тўғрисидаги аризаси асосида ўтказилган терговга қадар текширув жараёнида А.Қ га нисбатан судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган. 2023 йил 6 ноябрда берилган экспертиза хулосасида боланинг танасида “ўнг болдирни ўрта олдинги юзасида қонталаш” кўринишидаги тан жароҳати борлиги аниқланиб, мазкур тан жароҳати соғлиқни қисқа муддатга бузилишига олиб келмаган енгил тан жароҳати эканлиги эътироф этилган ва  бунга кўра жиноят иши қўзғатилиши рад қилинган.

Бундан сўнг ҳам қўшимча терговга қадар текширув ўтказилган бўлиб, унинг натижасида 2023 йил 29 декабрь куни жиноят ишини қўзғатиш рад қилинган.

Шунингдек, 2023 йил 30 ноябрда Қарши шаҳар туманлараро фуқаролик суди томонидан чиқарилган ҳал қилув қарорига кўра, бола ўз онаси билан яшаши белгиланган.

Бугунги кунда ота У.A. суднинг мазкур мазмундаги қарори устидан норози бўлиб, юқори инстанцияга апелляция шикояти берган ва боланинг ўзи билан яшашини белгилашни талаб қилмоқда.

Низо ҳозирда ҳам давом этмоқда ва Болалар омбудсмани ушбу ҳолат бўйича бола манфаатлари устунлиги нуқтаи назаридан ўз кузатувини давом эттирмоқда.

"Оммавий ахборот воситалари томонидан ана шундай баҳсли вазият ёритилаётганида ота-онанинг ўзаро низоси ва бир-бирига нисбатан илгари сураётган даъволари натижасида, биринчи навбатда, уларнинг фарзанди жабр кўраётгани, иккала ота-она ўртасида сарсон бўлаётганлигини алоҳида эътиборга олинишини сўраймиз❕

Жумладан, боланинг бевосита иштирокидаги лавҳаларни очиқлаш (ҳатто бунга ота-онаси рози бўлса ҳам), уни саволга тутиш, мураккаб вазият бўйича фикрини сўраш бола манфаатларига мутлақо мувофиқ эмас.

Айниқса, мазкур видеоматериалда акс этган айрим ҳолатлар, хусусан, 5 ёшли бола билан ички ишлар органлари ходими ва журналист психолог ёки мутахассис-педагог иштирокисиз суҳбатлашиши просессуал қонунга ҳамда бола манфаатларига оид қонун нормаларига зид бўлиб, бундай ҳаракатларга йўл қўймасликка чақирамиз", - дейилади расмий муносабатда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1