АсосийJamiyat

Бухоро вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази мансабдорларига жиноят иши қўзғатилди

'Бухоро вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази мансабдорларига жиноят иши қўзғатилди'ning rasmi

Бухоро вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 2021-2022 йиллар ва 2023 йилнинг 9 ойи давомида бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши аҳволи ўрганилган. Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан мазкур тўпланган ҳужжатлар бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.

Аниқланишича, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази мансабдор шахслари бир гуруҳ бўлиб, олдиндан тил бириктирган ҳолда жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.  

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги “Давлат харидлари тўғрисида” ги қонуни талаблари асосида тиббиёт марказида харид комиссияси тузилган.  Бироқ  мазкур комиссия амалда умуман ваколатларини бажармаган. Натижада давлат харидларини амалга оширишда муассаса фаолияти учун харид қилинадиган хизматлар ёки товарларга тасдиқланган эҳтиёж шакллантирилмаган. Давлат харидларини амалга ошириш механизми белгиланмаган. Иш ва хизматлар бажарилгандан сўнг топшириш қабул қилиш ишлари амалга оширилмаган. Жорий таъмирлаш ишлари бўйича нуқсон далолатномалари, лойиҳа смета ҳужжатлари тузилмаган.

Бажариладиган ишлар ҳажми белгиланмасдан миллий ва электрон дўконлар орқали хизматлар сунъий равишда ошириб харид қилинган. Хизматлар қайси объектда, қанча ҳажмда ва қанақа иш турлари бажарилганлиги, иш ва хизматларни кимлар қабул қилиб олганлиги тўғрисида ҳужжатлар расмийлаштирилмаган.

Ўрганиш даврида 1 070 317,4 минг сўмлик маблағлар хизматлар ва ишларни бажарилганлигини тасдиқловчи қабул қилиш-топшириш далолатномалари тузилмасдан асоссиз тўлаб берилган.  

Тўпланган ҳужжатларга кўра, Бухоро вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази мансабдор шахсларининг ҳаракатларида жами 2 127 099, 1 минг сўмлик жуда кўп миқдордаги бюджет маблағлари ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.  

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг  тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

    Бошқа янгиликлар