Тадбиркорлик субектлари онлайн-NKM ва виртуал кассалардан фойдаланиши ҳамда мижозларга QR-код ва фискал белгили чек тақдим этишлари шарт. Бундай чеклар харид тўлов терминал орқали ёки нақд пулда амалга оширилишидан қатъи назар харидорга берилади. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Агар харидор тўловларни электрон тўлов ташкилотлари, банк мобил иловалар ёки электрон тижорат платформалари (маркетплейс) орқали амалга оширса, унда электрон фискал чек шакллантирилади.
Бундай чеклар учун “Солиқ” мобил иловасида харид суммасининг 1 фоизи миқдорида кешбек автоматик тарзда ҳисобланади (бунинг учун Солиқ иловасидаги ва амалга оширилаётган тўлов тизимидаги (маркетплейс) телефон рақам мос келиши керак).
"Харидор унга QR-кодли чек берилмагани ҳақида солиқ органига хабар беришга ҳақли. Бунинг учун Солиқ мобил иловасининг “Солиқ ҳамкор” тизими орқали мурожаат йўллаш лозим. Илованинг ўзида мурожаат ҳолатини кузатиб бориш мумкин" дейилади хабарда.
10.01.2024 14:18
Онлайн харидлар учун электрон чек берилади






