АсосийJamiyat

"Hello Tashkent, salam Tashkent" канали админларига суд ҳукми ўқилди

'"Hello Tashkent, salam Tashkent" канали админларига суд ҳукми ўқилди'ning rasmi

Аввалроқ, ИИВ Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази томонидан Телеграмда “Hello Tashkent, salam Tashkent” номли канал ҳамда гуруҳларни ташкил этиб, уларга фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи видеотасвирларни жойлаштириб келган гуруҳ аниқланиб, қўлга олинган эди. Олий суд уларга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини эълон қилди. 

Маълум қилинишича, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида Жиноят кодексининг 130-моддаси (порнографик маҳсулот тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) 2-қисми “б” банди, 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, ”г” бандлари, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 2-қисми, 141-3-моддаси (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) 2-қисми “б”, “в” бандлари ва 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этган гуруҳ аъзоларига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судяси Ж.Саидов раислигида Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ гуруҳ аъзоларига 3 йилдан 7 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жиноят воситаси деб топилган Телеграм мессенжеридаги тегишли канал ва аккаунтлар Рақамли технологиялар вазирлиги орқали блокланиши белгиланди. Жабрланувчиларга жиноят доирасида етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш масаласида фуқаролик ишларини юритиш тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари борлиги тушунтирилди.

Биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинди.

    Бошқа янгиликлар