Саида Мирзиёева 14 январ — Ватан ҳимоячилари куни билан табрик йўллади.
”Офтоб тафти, тандирдан янги узилган иссиққина кулча, оила даврасида файзли оқшомлар, бошимиз узра мусаффо осмон... Ватан деганда биринчи бўлиб шулар кўз олдимизга келади.
Вақт ўтган сайин мамлакат ривожи ва халқ фаровонлигининг асоси ТИНЧЛИК эканини янада чуқурроқ англаб етяпман. Хавфсизлик ва осойишталикни таъминлашда юртимиз ҳимоячиларининг ўрни беқиёсдир. Улар орасида жасур аёлларимизнинг борлиги алоҳида таҳсинга лойиқ.
Ушбу шукуҳли кунда мардонавор меҳнатингиз ҳамда Ватанга бўлган садоқатингиз учун сизга ўз эҳтиромимни, миннатдорлигимни изҳор этишни истардим.
Бугун сизга, ҳақиқий қаҳрамонларга қараб, қалбларимиз ўзгача ғурур-ифтихорга тўлади. Зеро, сиз зиммангизга юклатилган давлат мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлашдек шарафли бурчни муносиб адо этмоқдасиз.
Ватан ҳимоячилари куни муборак бўлсин! Сиз туфайли орзу-ниятлар қилиш, меҳр улашиш ва шунчаки бахтли ҳаёт кечириш имконимиз борлиги учун катта раҳмат!”, деди президент ёрдамчиси.






