Самарқандда автобус "Чанган" билан тўқнашув оқибатида ариққа ағдарилиб кетди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, воқеа бугун, 16 январь куни соат 13:20 лар атрофида Ургут тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р-47 “Булунғур-Ургут М-39” автомобиль йўлининг "Мерганча" маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 64-км.да содир бўлган. Исузу русумли транспорт воситаси билан "Чанган" русумли автомашиналар тўқнашуви оқибатида Исузу русумли автобус йўлнинг ўнг томонидаги ариққа ағдарилган.
Оқибатда автобус салонида бўлган ҳайдовчининг ёрдамчиси тан жароҳати олиб туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган ва енгил тан жароҳати олганлиги учун уйига жавоб бериб юборилган.
Айни пайтда Ургут тумани ИИБ ЙҲХБ томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.






