Бир қатор ОАВларда “Хатирчида директор ўринбосари икки ўқувчини уриб, жароҳат етказди” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди.
Мазкур ҳолат Болалар омбудсмани томонидан ўрганилди, дея хабар беради матбуот хизмати.
Таъкидланишича, ушбу воқеа бўйича туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, унинг доирасида мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари А.Қ. вояга етмаган О.Т. ҳамда З.А. га нисбатан етказган тан жароҳати юзасидан суд тиббий экспертизаси тайинланган.
11.10.2023 йилдаги экспертиза хулосаси ва иш материаллари асосида А.Қ.нинг ҳаракатлари юзасидан туман ИИБ томонидан МЖтКнинг 41-модда ва 52-модда 2-қисми билан маъмурий иш қўзғатилиб, Хатирчи тумани ЖИБ судига юборилган.
Шу билан бирга, ЖИБ Хатирчи тумани судининг 31.10.2023 йилдаги ажримига асосан тўпланган ҳужжатлар қўшимча суриштирувга қайтарилиб, туман ИИБ томонидан қўшимча суриштирув ишлари якунланган ва 16.01.2024 йилда ЖИБ Хатирчи тумани судига юборилган ҳамда ҳозирда иш суд муҳокамаси босқичида.
Таълим муассасасида ўқувчиларга нисбатан содир этилган бундай зўравонлик ҳолатларининг олди олиниши юзасидан кўрилаётган чоралар Хатирчи туман прокуратураси назоратидадир.
Болалар омбудсмани мазкур ҳолат юзасидан ўз кузатувини давом эттиради, бу борада қўшимча равишда маълумот берилади.






