Мамлакатда хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш ва иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бир неча кун олдин қабул қилинган Ўзбекистон президентининг “Яширин иқтисодиётга қарши курашиш соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони шу каби ислоҳотларни мантиқли давоми десак муболаға бўлмайди. Хўш, яширин иқтисодиётга қарши кураш мамлакатга нима беради, бунинг аҳамияти нимада? Шу ва шу каби саволларимизга Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бўлим бошлиғи Фарҳод Очилов жавоб берди.
– Ислоҳотлар натижасида тадбиркорлик кенг ривожланиб, ишлаб чиқариш ҳажми ва мамлакат иқтисодиёти ривожланиши баробарида аҳоли даромадини ўсишини таъминламоқда.
Шунга қарамай иқтисодиётда яширин ишлаб чиқариш ва айланмаларни сақланиб қолиниши тадбиркорлик ривожига ва соғлом рақобатни таъминлашга тўсиқ бўлмоқда.
Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг 16 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам “Бугунги кундаги энг долзарб масала, бу –яширин иқтисодиёт” деб бежиз айтилмади.
Яширин иқтисодиётга қарши курашиш орқали бюджетга қўшимча тушумни таъминлаш билан бир қаторда, соғлом рақобат, адолатли бизнес муҳит яратилади. Бу эса инвестициялар ҳамда аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилади.
Имзоланган янги Фармон билан яширин иқтисодиётга қарши курашиш борасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Хусусан, яширин иқтисодиёт кўламини кескин қисқартириш орқали мамлакатда соғлом рақобат ва хусусий бизнесни ривожлантириш, яширин иқтисодиёт шаклланишининг турли схемалари, хуфиёна ишлаб чиқариш ва ноқонуний молиявий оқимларга барҳам бериш орқали иқтисодий барқарорликни ва аҳоли фаравонлигини таъминлаш асосий йўналишлар этиб белгиланган.
Бундан ташқари иқтисодиётдаги хуфиёна айланмаларга қарши курашувчи давлат органлари фаолиятининг аниқ йўналишларини белгилаш орқали масъулияти ва жавобгарлигини ошириш ҳамда яхлит тизим яратиш бўйича мавжуд муаммолар бартараф этилди.
Эндиликда ушбу йўналишдаги давлат органлари фаолияти яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича устувор вазифаларни амалга оширишга қаратилган якдил сиёсатни юритиш тизими ташкил этилди.
Жумладан, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ваколат ва вазифалари кенгайтирилиб, асосий фаолиятини яширин иқтисодиётга қарши курашиш ҳамда бюджет маблағлари ҳаракати занжири устидан тўлиқ назорат ўрнатиш юклатилди.
Шу билан бирга, яширин иқтисодиёт кўламини қисқартириш бўйича белгиланган устувор йўналишларга эришишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Унга мувофиқ, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, бизнесни “соядан” чиқишини рағбатлантириш ҳамда нақдсиз пул тўловларини оммалаштириш, 2030 йилгача мўлжалланган яширин иқтисодиёт кўламини қисқартириш стратегияси ва мақсадли кўрсаткичлар дастурини тасдиқлаш, электрон тижорат тизимини рағбатлантириш ва бошқа зарурий масалалар бўйича аниқ вазифалар қўйилди.
Департамент органларига келгуси 3 йилда яширин иқтисодиёт кўлами юқори бўлган қурилиш, фармацевтика, алкоголь ва тамаки соҳаларида яширин иқтисодиёт улушига барҳам бериш, капитални четга ноқонуний чиқиб кетиши, қонунга хилоф равишда импорт ва нақдлаштиришга муросасиз курашиш устувор йўналиш этиб белгиланди.






