Январь ойининг бошида ижтимоий тармоқларда пойтахтнинг Яшнобод туманида жойлашган Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникаси биноси бузилиши ҳақида хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Ушбу ҳолатга жавобан Маданий мерос агентлиги томонидан берилган расмий баёнотда бино бузилмаслиги ҳамда обектда олиб бориладиган таъмирлаш ишлари ҳақида қўшимча ахборот берилиши маълум қилинган.
2024 йилнинг 11 январь куни Агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг 1-сонли йиғилиши бўлиб ўтди. Ўтказилган йиғилишда “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” давлат муассасаси томонидан тақдим этилган “Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасида бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш” лойиҳаси кўриб чиқилди.
Лойиҳага кўра, ушбу бинога мос равишда 26 метр, 13 метр ва 52 метр масофалардаги “Аккредитация-симуляция” қўшимчасига 2 та ётоқхона биносини қуриш, лойиҳада черков бўлган бинонинг юқори қисмини тиклаш, биноларнинг ташқи кўринишини ҳамда конструктив ҳолатини сақлаш белгиланган.
Агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши томонидан “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” давлат муассасаси томонидан ишлаб чиқилган Тошкент тиббиёт академиясининг биноси (собиқ Кадетлар биноси) реконструкция қилиш ва иншоотларини қуриш лойиҳаси юқорида белгиланган талаблар, шунингдек, бинонинг ташқи кўринишини конструктив тарзда сақлаш шарти билан тасдиқланди.
Маъқулланган кенгаш лойиҳа хулосаси тегишли тартибда “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” давлат муассасига юборилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маданий мерос обектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасига мувофиқ, “Моддий маданий мерос обектлари жойлашган ерларда ҳамда уларга туташ ҳудудларда ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация, хўжалик ишлари ва бошқа ишларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасидаги вазирлик ва ташкилотларнинг рухсатномасини олиш” белгилаб қўйилган.






